Ссылки доступа

Сейсмология институти директори Ўзбекистонда чўлланиш шиддатли тус олганидан бонг урди


Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Сейсмология институти директори, география фанлари доктори Ваҳоб Рафиқов мамлакатда чўлланиш жараёни жадаллашганидан огоҳлантирди .

Бу ҳақда маҳаллий ОАВлар хабар қилди.

“Бу жараён йилдан йилга кучайиб боряпти. Масалан, жанубий, шарқий, шимолий ва борган сари ғарбий вилоятларга қараб чўлланиш жараёни тезлашяпти. Қарначўл, Мирзачўл, Шеробод, Далварзин, Қорақалпоқ чўллари чегаралари кенгайишда давом этяпти. Улар қаторига ўтган йиллар ичида энг ёш бўлган чўл – Оролқум ҳам қўшилди”, деган Ваҳоб Рафиқов.

Рафиқовга кўра, Оролнинг тубидан кўтарилган чанг туз, 300-400 километр радиусда атрофга ёғилмоқда. Ҳар дақиқада Ўзбекистоннинг 9 квадрат метр ҳудуди чўлланиб боряпти. Экологик ва геоэкологик муаммолар кун сайин ўсиб бормоқда. Аммо чўлланишга қарши кураш масаласи ҳозирча кун тартибида эмас. Aгар чўлланишга қарши чора-тадбирлар амалга оширилмаса, 2030-2040 йилларда унумдор ҳудудлар Тошкент ва водий вилоятларидагина қолиши мумкин.

Чўлланишга табиий ва антропоген омиллар таъсир кўрсатади. Aнртопоген, яъни инсон сабаб бўладиган омилларга ерларни нотўғри суғориш, ерларнинг ифлосланиши, саноат чиқиндилари, тош, қум ва минералларни қазиб олиш киради. Шунингдек, аҳоли сонининг ўсиб бориши – чўлланишнинг асосий сабабларидан бири. Чунки одамлар кўпайгани озиқ-овқат ва моддий бойликларга талаб ҳам ошади. Бу эса ердан кўпроқ ҳосил олиш кераклигини англатади. Натижада деҳқончилик майдонлари аёвсиз ишлатилади ва яроқсиз ҳолга келади.

XS
SM
MD
LG