Ссылки доступа

Чехия ҳарбий омборлардаги портлашлар учун Россиядан 25 млн евро товон пули талаб қилмоқда


Чехия ҳукумати Россиядан 2014 йили ҳарбий омборларда содир бўлган портлашлар туфайли етказилган зарарни қоплаб беришни талаб қилди. Ўшанда икки нафар чехиялик ҳалок бўлган, Врбетице қишлоғига моддий зарар етганди.

Чехия расмийлари бунинг учун 25 миллион евро миқдорида товон пули талаб қилмоқда. Ташқи ишлар вазири ўринбосари Мартин Смолек 28 июнь куни Россиянинг Прагадаги элчиси Александр Змеевскийга зарарни тўлалигича қоплаш талаби билан дипломатик нота топширган. Бу ҳақда душанба куни “Млада фронта днес” газетаси хабар қилди.

Қайд этилишича, товон пулининг тақрибан ярми Чехия жанубий-шарқидаги Злинский ўлкаси минтақавий бюджетига кетади, қолган ярми эса портлаш чоғида мулкларига шикаст етган кишилар ҳамда боқувчисини йўқотган оилаларга бўлиб берилади.

2014 йилдаги портлашларга Россия махсус хизматларининг алоқадорлиги тўғрисида Чехия расмийлари шу йил 17 апрелида эълон қилишган. Бунинг ортидан Россиянинг икки фуқароси Александр Петров ва Руслан Боширов қидирувга берилган. Аввалроқ бу икковлонга нисбатан Британия расмийлари томонидан қидирув эълон қилинганди. 2018 йил мартида Петров ва Боширов Солсбери шаҳрида ГРУ собиқ ходими Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлияга қарши суиқасд уюштирган эдилар.

XS
SM
MD
LG