Ссылки доступа

Қирғизистонда бюрократик аппаратлар қисқартирилмоқда, ишдан бўшатилганлар бизнес соҳасида ўқитилади


Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров «Давлат аппарати сонини қисқартириш тўғрисида» фармон чиқарди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг таъкидлашича, бу «ижро этувчи ҳокимият ва бошқарув органлари тузилмасини оптималлаштириш, такрорланадиган ва кераксиз функцияларни йўқ қилиш, шунингдек бюджет маблағларини тежашни таъминлаш мақсадида амалга оширилган.»

Ҳужжатга мувофиқ, Қирғизистон Республикаси Президенти маъмурияти, вазирликлар, давлат қўмиталари, маъмурий идоралар, бошқа давлат ижро этувчи органлари, маҳаллий давлат маъмурияти ва давлат раҳбарининг тасарруфидаги давлат органлари штатлари 30 фоизга қисқартирилди.

Бундан ташқари, Олий Кенгашга парламент аппарати ва Олий Мажлис маъмурияти ходимларининг сонини 30 фоизгача қисқартириш ҳам тавсия қилинди. Худди шундай тавсияномани Олий ва Конституциявий судларга, шунингдек Қирғизистон Республикасининг маҳаллий судларига ва Суд департаментига «судлар тузилмасини оптималлаштириш ва уларнинг штатини 30 фоизгача қисқартириш» мақсадида берилган. Маҳаллий ҳокимият идораларидан маҳаллий бюджет томонидан қўллаб-қувватланадиган бюджет муассасалари ва ташкилотларини инвентаризация қилиш, шунингдек, ходимлар сонини 30 фоизга қисқартириш сўралди.

Ушбу қарорлар муносабати билан Вазирлар Маҳкамасига ишдан бўшатилган ишчиларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ишдан бўшатиш тўловлари тўлашни таъминлаш ва ишдан бўшатилган ишчиларни тадбиркорлик фаолияти асосларига ўргатиш бўйича зарур чораларни кўриш топширилди. Ходимларнинг учдан бир қисми ишдан бўшатилганлиги сабабли тежалган маблағларни давлат ва коммунал хизматчиларнинг иш ҳақини оширишга сарфлаш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил бошида Қирғизистон ҳукумати вазирликлар, қўмиталар ва идоралар сонини 48 тадан 12 тага қисқартириб, давлат органлари тузилмасини оптималлаштириш тўғрисида қарор қабул қилди. Мамлакат раҳбарияти идораларнинг бекор қилинишини бюрократик аппаратлар билан изоҳлади, уни сақлашга катта маблағ сарфланади. 2020 йил ноябрь ҳолатига кўра Қирғизистонда 28 минг давлат ва муниципал ходимлар бор эди, уларнинг маошлари йилига 48 миллиард сомга тенг.

XS
SM
MD
LG