Ссылки доступа

Соқолни танқид қилган халқ артисти Ëдгор Саъдиев виртуал сазойи қилинди


Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиевнинг соқол қўйиш ҳақидаги танқидий фикрлари акс этган видео тарқалгани ортидан тармоқнинг ўзбек сегментидаги диний контент мансублари санъаткорга қарши ҳақорат кампаниясини бошлашди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тарафидан “халқаро экстремистик гуруҳлар фаолиятига қўшилиб, уларнинг ҳаракатларида иштирок этаётган, миллий ва умуминсоний хавфсизликка рахна солаётганликда” айбланиб қидирувга берилган 47 яшар Содиқжон Муҳаммадиев (Содиқ Самарқандий) Youtube канали орқали чиқиш қилиб Ëдгор Саъдиевни “диндан чиққанликда” айблади.

Тармоқдаги низоли чиқишлари билан танилган Ислом маданият маркази ходими Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий) ва бошқа ўнлаб ютуберлар Саъдиевга қарши ҳақоратли видеочиқишлар қилишди.

Видеочиқишларда Саъдиев “жирканч артист”, “ўлдирилиши жоиз бўлган тоғут”¸ “Аëллар либосини кийган ҳезалак” каби ҳақорат ва таҳдидли сўзлар билан нишонга олинди.

Ютуберлардан бири Саъдиевнинг “Келинлар қўзғолони” спектаклида ўйнаган ролини мисол келтириб “Лозим иштон кийиб ликкиллаган ҳезалаклар бизга насиҳат қилиб бошлади”, дея кесатади.

Саъдиевнинг аëл киши ролини ижро қилгани акс этган тасвир ëнида соқоли узун муллалар турган сурат монтаж қилинган постерлар тармоқнинг йирик платформаларида тарқалиб халқ артисти Ëдгор Саъдиев виртуал сазойи қилинди.

Бурчагида Наманган вилояти Уйчи туман ҳокимлиги матбуот хизмати логоси бор видеода Ëдгор Саъдиев соқол қўйган ўзбек ëшлари ҳақида мана бу гапларни айтган эди:

“Йигитларнинг кўпи соқол қўядиган бўлган. Ҳалиям бир йигитдан сўрадим. Ëшинг нечада десам 18 да деди. Миндааай соқол қўйибди. (қўли билан кўрсатади- таҳр.) Шайтон соқол дейди буни. Шайтонга ўхшайди. Отангнинг соқоли борми? Йўқ! Ота ўтирган уйнинг томига чиқиб бўлмайди. Отадан олдин соқол қўйилмайди қадрдонлар. Нима дегани бу, десам. “Суннат” деди. “Суннат” дегани нима деб сўрадим. Жим! Пайғамбаримиз қилган ишларнинг ҳаммаси суннат дейишди. Бўлмасам ўзингдан 18 ëш катта аëлга уйлангин десам “Нега унақа дейсиз” дейди. Буям суннат.”

Бу гаплардан кейин Ëдгор Саъдиев “Эътиқод ва тақво иякдан чиққан бир тутам жунда эмас балки қалб ва шуурда зухур” бўлишини айтиб кўкраги ва миясини қўли билан кўрсатади.

Диний мазмундаги материалларни ноқонуний тайёрлаш ва тарқатишда айбли деб топилиб, куни кеча муассислари жаримага тортилган Azon.uz нашри халқ артистининг бу гапларини “диний эътиқод билан боғлиқ ҳис туйғуларини ҳақоратлаш”, деб атади.

Ҳуқуқшунос Умид Давлетов халқ артистини ошкора ҳақорат қилаëтганлар ишида жиноят таркиби мавжудлигини айтди.

Ижодкорлар диндорлар хуружига илк маротаба нишон бўлмаяпти. 2020 йил октябрида Ўзбек миллий академик драма театрининг таниқли актëри Муҳаммадали Абдуқундузов тармоқларда диндорларнинг кескин танқид ва таҳдидлари ортидан Инжил китоби аудио вариантига овоз беришни тўхтатганини эълон қилган эди.

XS
SM
MD
LG