Ссылки доступа

Ҳиндистонда дунёдаги энг катта оила бошлиғи вафот этди, унинг 39 нафар хотини бўлган


Ҳиндистоннинг Мизорам штатида дунёдаги энг катта оила бошлиғи ҳисобланган Зиона Чана 76 ёшида вафот этди: унинг 39 хотини, 94 нафар ўғил-қизи, 14 келини ва 33 набираси бор эди. Чананинг ўлими ҳақида штат Ички ишлар вазирлиги маълум қилган.

Ҳиндистоннинг Мизорам штатида дунёдаги энг катта оила бошлиғи ҳисобланган Зиона Чана 76 ёшида вафот этди: унинг 39 хотини, 94 нафар ўғил-қизи, 14 келини ва 33 набираси бор эди. Чананинг ўлими ҳақида штат Ички ишлар вазирлиги маълум қилган.

Зиона Чана кўпхотинлилик одатига амал қилувчи маҳаллий Чана Чавл сектаси раҳнамоси эди. Сектага унинг отаси 1942 йилда асос солган. Ҳозирда мазкур секта мухлислари Аиджал шаҳридан 55 чақирим нарида жойлашган Бактаунг қишлоғида истиқомат қилишади. Жамоа қарийб 400 оиладан ташкил топган.

Зиона Чана оиласи сайёҳларни жалб қилувчи ўзига хос маҳаллий сенсация саналади, унинг ўзи эса бир неча марта жаҳон матбуот нашрлари сарлавҳаларида тилга олинган.

Чана бадавлат одам эди: унинг мебел фабрикаси ва чўчқачилик фермаси бўлиб, қишлоқдошларини иш билан таъминлаган. Хотинлари, фарзандлари ва кўплаб набиралари қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланишган.

Зиона Чана биринчи хотинига 17 ёшида уйланган. Ўн марта уйланишга улгурган йилини эса ўз рекорди деб ҳисоблаган.

Улкан оила Chuuar Than Run, яъни “янги авлод уйи” деб аталувчи жами 100 хонадан иборат 4 қаватли уйда истиқомат қилади. Зиона Чананинг хотинлари эса умумий ётоқхонада яшайдилар, у ерда Чананинг алоҳида хобгоҳи бўлган. Оиланинг бир марта овқатланишига 30 та товуқ, 60 килограмм картошка ва 100 килограмм гуруч сарф бўлади.

Мизорам штати Ички ишлар вазирлиги Зиона Чана диабет ва гипертония хасталигига чалингани, сўнгги пайтларда соғлиғи кескин ёмонлашганини маълум қилган.

Кўпхотинлилик бобида ҳинди билан канадалик Уинстон Блэкмор беллашаётган эди: у “Муқаддас охир замон Исо Масиҳ фундаменталистик черкови” номли секта етакчиси бўлиб, 27 нафар хотини ва 150 нафар фарзанди бор.

Уинстон Блэкмор ва унинг издошлари Канададаги Баунтифул қишлоғида яшайди: жамоага 1946 йилда асос солинган бўлиб, 1,5 минг нафар полигамия тарафдорларини бирлаштиради. Улар ўзларига ўзлари озиқ-овқат топадилар, секта хўжалиги эса маҳсулот алмашиш тамойилига асосланган. Блэкмор бир неча йил аввал Канадада кўпхотинлиликни қонунийлаштиришга қарши чиққан эди.

XS
SM
MD
LG