Ссылки доступа

Ўзбек-қирғиз фондининг устав капиталини 200 миллион долларга етказиш режалаштирилган


Қирғизистон Республикаси парламенти 30 июнь куни иккинчи ўқишда Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги Битимни ратификация қилишни кўриб чиқди. Парламент матбуот хизмати хабарига кўра, ўзбек томони ушбу фонднинг устав капиталини 50 миллион долларга етказмоқда.

Уни босқичма-босқич 200 миллион долларга етказиш режалаштирилган. Шу билан бирга, фонднинг штаб-квартираси Бишкекда жойлашган бўлади, деб аввал Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси хабар берган эди.

Расмий хабарларга кўра, жамғарманинг вазифаси Қирғизистон иқтисодиётининг устувор тармоқларида ўзини ўзи оқлайдиган лойиҳаларни агросаноат мажмуаси, кийим-кечак ва тўқимачилик, шунингдек тоғ-кон металлургия саноати каби йўналишлар бўйича кредитлар бериш орқали молиялаштиришдир. Бундан ташқари, транспорт, уй-жой қурилиши, савдо, энергетика комплекси, туризм ва бошқа соҳаларда ишлайдиган субъектлар кредит олишга умид қилишлари мумкин.

Ўзбек-қирғиз жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги келишувга 2020 йил декабрида икки мамлакат бош вазирлари ўринбосарлари даражасида эришилган. Тегишли битим шу йилнинг 11 мартида Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга икки кунлик расмий ташрифи давомида имзоланди.

XS
SM
MD
LG