Ўзбекистон тумани мактабларидан бирида мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишлаган 42 яшар эркакка Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси қўлланилиб¸ унга 15 суткалик маъмурий қамоқ тайинланди.
Фарғона суд тизими мулозимининг айтишича¸ судья бундай жиноятга нисбатан Жиноят кодексида кўзда турилган моддаларни қўлламагани боис¸ ўз ўқувчисига жинсий алоқа таклиф қилган шахс бир йилдан сўнг яна таълим тизимига қайтиши мумкин.
Суд ҳужжатларида ëзилишича¸ жорий йилнинг 24 май куни Ўзбекистон туман ХТБга қарашли умумтаълим мактаби ўқитувчиси 5-синфда ўқийдиган ўз ўқувчисига “шилқимлик қилиб, уятли маънода жинсий алоқани назарда тутувчи хат ëзган".
“Қизча мактабда феъли шустрий ва ишонувчан бўлган. Мусиқа ўқитувчиси унга уятли сўзлар билан жинсий алоқа таклиф қилган. У бу хатни ота-онасига олиб борган ва улар ИИБга ариза ëзишган. Ўқитувчи ўша куниëқ ишдан ҳайдалган. Ота-оналар “ўлдирамиз” деб уни қидиришгандан кейин 42 яшар эркак уйидан қочиб кетган. Кеча¸ 30 июнь куни бу шахсни ушлашди. Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судида суд қилинди. Унга нисбатан МЖТКнинг 183-моддасига асосан (шилқимлик) 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланди”¸ деди Озодлик билан боғланган Фарғона адлия тизими мулозими.
Суд жараëнидан хабардор мулозимга кўра¸ қарор жабрланувчи яқинлари томонидан кескин норозилик билан қарши олинган.
“Педофилнинг мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаши нафақат бу оила¸ балки тумандаги қолган ота-оналарни ҳам қўрқитиб юборди. Бунақа жиноятни кескин жазолаш ўрнига¸ унга қонунчиликда кўзда тутилган энг енгил жазо қўлланиши¸ ҳамманинг жаҳлини чиқарди. Суд қарори эълон қилинганидан кейин қизчанинг қариндондошлари роса бақир-чақир қилди. Бу одам 15 суткадан кейин озодликка чиқади. Ундан ҳам ëмони¸ бир йилдан кейин яна ўқитувчиликка қайтиши мумкин¸ суд қарорида бунга монелик қилувчи бирор гап йўқ”¸ дейди суд ишидан хабардор маҳаллий мулозим.
Ўзбекистон туманида яшовчи оналардан бири¸ суд тизимини жиноятчига ëн босиш орқали вояга етмаган болалар¸ хусусан қизлар хавфсизлигига таҳдид солаëтганликда айблади:
"Бу эртага чиқиб келиб¸ ҳеч нарса кўрмагандек юраверса¸ бир йилдан кейин¸ ўқитувчиликка қайтаман деса¸ уни ҳеч ким тўхтата олмайдику! Қизларимизни мактабга юборишга ҳам қўрқиб қолдик. Бунақа одамларнинг мактабда ишлаши нари турсин¸ болалар ëнига яқинлашишини тақиқлаши керакмасмиди булар? Суд болаларимизни бунақа педофиллардан ҳимоя қилмаса¸ ким қилади? Бундан кейин одамларнинг куни самосудга қолмай¸ нима қилсин!".
Иш тафсилотидан хабардор адлия тизими ходими¸ қолаверса¸ суд қарорида ëзилишича¸ судланувчига енгил жазо берилишига у “фақат хат ëзган холос, лекин қизга қўли билан тегмаган, ўпмаган, қучоқламаган” деган ҳолат асос сифатида келтирилган.
“Судга секс таклиф қилинган хат ашëвий далил сифатида қўшилган. Аммо Ўзбекистон қонунларида жинсий алоқа таклиф қилиш жиноят эмас¸ вояга етмаганга шилқимлик қилиш эса МЖТКнинг 183-моддаси билан 15 сутка қамоқ билан жазоланади¸ дейишди. Яъни ўқитувчи ўқувчи қиз билан жинсий алоқа қилсагина¸ жиноят бўларди¸ деган ахмоқона асос келтирилди”¸ дейди мутахассис.
Ҳуқуқшунослардан бири¸ Ўзбекистон туманидаги бу воқеанинг ҳуқуқий жиҳатдан нотўғри таснифланганини билдирди.
“Бу шахсга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг камида учта моддасини қўллаш керак эди. Биринчиси¸ 25-модда – жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш. Иккинчиси¸ 121-модда - aёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш; хизмат, моддий ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлган аёлни жинсий алоқа қилишга ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришга мажбур этиш. Учинчиси¸ 129-модда - 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш. Буларнинг ҳаммаси қўлланилганда¸ адолат қарор топган ва бу кимса тегишли тарзда бир неча йиллик қамоққа ҳукм этилган бўларди”¸ деди шахси очиқланмаслигини сўраган адвокат.
Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматининг расмийси эса Ўзбекистон туманидаги бу воқеадан хабари йўқлигини билдирди.