Ссылки доступа

Китоб бозорида “рейд” ўтказган диндорлар Да Винчи ва Рембрандтни халққа ëт деб топди


Жорий йилнинг 28 июнь куни Ўзбекистон Ислом академияси ректори¸ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси раис ўринбосари Музаффар Комилов¸ Ислом цивилизация маркази ходими Аброр Абдуазимов ва Фарғона вилоят, Тошлоқ туман масжидининг собиқ имом-хатиби Шукрилло Эгамбердиевлар бошчилигидаги диндорлар гуруҳи Тошкент марказидаги китоб дўконларини, уларда сотилаётган китоблар исломий мафкурага тўғри келиш-келмаслиги юзасидан, “тафтиш” қилди.

“Тафтишчилар гуруҳи”нинг Навоий кўчасида, Чорсу гузарига яқин жойлашган бир неча дўконларга кириб китобларни кўздан кечиргани бир соатдан ошиқ давом этадиган видеода акс этган.

“Тафтиш” давомида бу тадбир иштирокчилари "Россия китоблари" деган пештахта осилган дўконга киришади.

Видеода китоб дўкони сотувчисининг қўрқинч тўла¸ рейд ўтказаëтган “комиссия” аъзоларининг эса қаҳрли қиëфалари кўринади.

Видеода Дин ишлари қўмитаси раис ўринбосари Музаффар Комилов дўкондаги китобларнинг зарарини уқтиргани эшитилади:

“Бизнинг эътиқодимизга зид бўлиб қолган жойлари бор. Шарқшуносларнинг нуқтаи назаридан ëзилган ҳоллари бор. Бу китоблар жамиятдаги мавжуд эътиқодий масалаларни бузиб қўяди. Китоблар биринчи галда эътиқодимизга тўғри келадими ëки йўқми? Кейин аҳлоқимиз¸ биздаги урфғодат¸ юриш-туриш¸ қадрият масалалари бор”.

Шундан кейин сўз олган Ислом цивилизация маркази ходими Аброр Абдуазимов бу дўкондаги барча китобларда “муаммо бор” дея таъкидлайди:

“Ўзи аслида китобни ташқаридан киритаëтиб божхона кўригидан ўтказилганда қаттиқ назорат қилиш керак. Бу дегани китобга тўсқинлик эмас¸ балки нотўғри тушунчаларга тўсқинлик дегани. Ўзи бу китоб масаласида муаммо бор. Китобни назорат қилиш тизими чўткий ишлаëтгани йўқ. Очиқ айтиш керак. Мана китобларни битта-битта очиб кўрдим. Ҳаммасида муаммо бор. Яланғоч одамнинг расмини қўйиб қўйган. Да Винчини анави эски анақалари. Рембранднинг асарлари. Буларни кимдир санъат дейдида. Лекин бу миллатнинг аслига салбий таъсир қиладиган нарсалардир. Бу фаолиятни чегаралашимиз керак. Идеолог сифатида.”

Бу гапни айтган Аброр Абдуазимов Ислом цивилизацияси маркази ходими бўлгани учун у "идеология" деганда ислом идеологиясини назарда тутаяпти, деб тушуниш мумкин.

Шундан сўнг Ислом цивилизацияси маркази ходими Исроил ëзувчиси Юваль Ной Харарининг ўзбек тилига таржима қилинган “Сапиенс. Инсониятнинг қисқача тарихи” деган китобини зарарли, эркак муаллифини эса, “бир эркакнинг хотини” деб кесатади.

Учрашув девомида диндорлардан таркиб топган комиссия “Бермуд учбурчаги"ни “фитна”, Лариса Буракованинг китобини эса мавжуд тузумни ағдаришга чорлов ўлароқ ўзбек ўқувчиси ўқимаслиги керак адабиëт, деб топишди.

Диндорларнинг китоб дўконлридаги рейди акс этган видео остидаги аксар изоҳлар танқидий руҳда.

XS
SM
MD
LG