Ссылки доступа

Қирғизистонда озуқа етишмаслиги сабабли чорва молларини экспорт қилишга қўйилган тақиқ бекор қилинди


2021 йил 8 июлдан бошлаб Қирғизистон ички қорамол ва майда чорва молларини экспорт қилишга қўйилган тақиқни бекор қилди. Бу ҳақда Қирғизистон Қишлоқ, сув хўжалиги ва минтақавий ривожланиш вазирлиги вакили Рахатбек Ибраев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бу қарор озуқа етишмаслиги сабабли қабул қилинган. «Шу билан бирга, пичан, аралаш озуқа, маккажўхори ва арпа экспортига мораторий жорий этилди», — дея қўшимча қилди у. Унга кўра, Қирғизистон Республикасидан озуқа асосан қўшни Қозоғистонга экспорт қилинади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 19 ноябрда Қирғизистон Республикаси ҳукумати Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация вазирлигининг тавсиясига биноан Қирғизистондан тирик молларни экспорт қилишни тақиқлаб қўйди ва бу қарорини озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи билан изоҳлади.

Аввалроқ Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси буғдой, буғдой уни, шакар, гуруч, ўсимлик мойи ва товуқ тухуми каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини экспорт қилишни тақиқлаган эди. Шу билан бирга, мамлакатга олиб кириладиган шакар, ўсимлик мойи ва гўшт ҚҚСдан озод қилинади.

Ушбу қарорларнинг барчаси ҳукумат томонидан Қирғизистонда озиқ-овқат маҳсулотларининг кескин кўтарилиши фонида қабул қилинган. Қурғоқчилик ва суғориш суви танқислиги туфайли вазият янада оғирлашмоқда. Мутахассислар бу йил ҳосилнинг сезиларли даражада пасайишини тахмин қилишмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 24 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишида Бош вазир ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Оқилбек Жапаров икки-уч ой ичида чегаралар ёпилишини, Қирғизистон эса озиқ-овқатсиз қолиши мумкинлигини айтди.

«Энди биз ишлашимиз керак. Поездлар ва самолётлар орқали ҳаётий маҳсулотларни олиб келишимиз зарур. Кеч қолсак, 2-3 ой ичида чегаралар ёпилади», — деди расмий.

XS
SM
MD
LG