Ссылки доступа

Самарқанддаги полигонда ўзбекистонлик ва россиялик ҳарбийлар тайёргарликдан ўтмоқда


Самарқанд вилоятида жойлашган “Сазаган” дала-ўқув майдонида Марказий ҳарбий округ тасарруфидаги ҳарбий қисм ва бўлинмаларнинг Россия Федерацияси ҳарбий мутахассислари билан ҳамкорликдаги ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ўтказилаётган жанговар тайёргарлик машғулотлари бошланди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, унда ҳарбий хизматчилар жанговар тайёргарлик машғулотларини замонавий талабларга мос равишда ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда янги усул ва услублар юзасидан ўзаро тажрибалар алмашишади.

Вазирлик қайдича, икки ҳафта давом этадиган тайёргарлик чоғида “БТР-82” жанговар техникасининг мўлжалга олувчи оператор ва механик ҳайдовчиларини тайёрлаш, “АГС-17” ва “РПГ-7” гранатомёти ҳисоби мутахассислиги, ўқчи, мерган ҳамда артиллерия мутахассисликлари бўйича ўзаро ҳамкорликда жанговар машғулотлар олиб борилади.

Россиялик мутахассислар билан ҳамкорликда ўтказилаётган ҳарбий машғулотларнинг бошланиши Афғонистоннинг Марказий Осиё билан чегарадош шимолий ҳудудларида “Толибон” ҳаракати жангарилари билан ҳукумат кучлари ўртасида қуролли тўқнашувлар бўлиб ўтаётган бир пайтга тўғри келди. Афғонистон шимолидаги таранг вазият 5 июль куни Ўзбекистон ва Россия президентлари ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида ҳам муҳокама қилингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

XS
SM
MD
LG