Ссылки доступа

Қирғизистонда Тожикистон билан чегарадаги можаро натижасида ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганларнинг оилаларига товон пули тўланди


Боткен вилоятида Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида юз берган қуролли тўқнашув натижасида ҳалок бўлган 27 фуқаронинг оилалари 1 миллион сом (11 800 доллар атрофида) товон пули олишди.

Бу ҳақда 6 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Вазирлар Маҳкамаси Раисининг биринчи ўринбосари Айбек Жунушалиев маълум қилди.

Унга кўра, яна 67 та оила олинган зарар даражасига қараб 50 мингдан 1 миллион сомгача пул олишди. Компенсация учун бюджетдан 51 миллион сом ажратилган. Вазирлар Маҳкамаси можаро натижасида етказилган зарарни 1,3 миллиард сомга баҳолаган.

Шу билан бирга, аҳолидан олинган ёрдам доирасида 116 миллион сом Боткен вилоятидаги ваколатли вакили ҳисобига, 2,5 миллион сом эса Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳисоб рақамига ўтказилганлиги ҳақида хабар берилган.

«Ҳозирча бу маблағ сарфланмаган. Ушбу ҳафта сарфлаш тартиби тасдиқланади. Ушбу маблағ жабрланганларга ёрдам учун сарфланади», — деди Жунушалиев.

28-30 апрель кунлари Қирғизистон ва Тожикистон чегараларида қуролли тўқнашув юз берди, натижада расмий маълумотларга кўра Қирғизистон Республикасининг 154 фуқароси жароҳат олди, 36 киши вафот этди, шу жумладан икки бола. Тожикистон расмийлари 19 киши ўлган ва 87 киши яраланганини расман эълон қилди.

Боткен вилоятида 140 та уй, мактаб ва чегара постлари ёқиб юборилган ёки вайрон қилинган, 58 мингга яқин одам уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Тожикистон Суғд вилоятида бутунлай вайрон бўлган 14 уй, иккита хароба уй ва битта бино ҳақида хабар берди. Можаро зонасидан 15 мингга яқин фуқаро эвакуация қилинди.

XS
SM
MD
LG