Ссылки доступа

Россияда Қирғизистон талабига биноан ҳибсга олинган Тожикистон фуқароси вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан озод қилинди


Фуркат Абдуфаттоев
Фуркат Абдуфаттоев

Қирғизистоннинг талабига биноан Бошқирдистонда ҳибсга олинган Тожикистоннинг Исфара шаҳридаги Ворух жамоатида яшовчи Фурқат Абдуфаттоев вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан озод қилинди.

Қирғизистон ҳукумати уни «чегара бўйлаб тартибсизликлар» уюштиришда айблаган ва Россия ҳукуматидан уни Қирғизистонга экстрадиция қилишни сўраган.

Абдуфаттоевнинг жияни Ислом Неъматов 6 июль куни «Озоди» радиосига берган интервьюсида, у яшаш жойини тарк этмаслик тўғрисида қарор чиқарилиб, 2 август куни суд уни Қирғизистонга экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқишини айтди.

Абдуфаттоев 1 февраль куни Россия Федерациясида ҳибсга олинган. Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари уни «оммавий тартибсизликларда иштирок этиш» ва «безорилик»да айблашди ва 2019 йил 27 августда Боткен вилояти суди ҳибсга олишга санкция берди. Қирғизистон расмийларининг сўзларига кўра, Абдуфаттоев юк машинасида шағал олиб келиб, Аксай-Ворух йўлига тўкиб, йўлни тўсиб қўйган ва шу билан тартибсизликни келтириб чиқарган.

Фурқат Абдуфаттоевнинг ўзи ва унинг қариндошлари бу айбловларни рад этиб, улар ҳеч қачон чегара тўқнашувларида қатнашмаганликларини даъво қилишмоқда. Тожикистон расмийлари, шунингдек, Абдуфаттоев чегара можароларида қатнашмаганлигини ва Россия уни қўйиб юбориши кераклигини айтмоқда.

1 февралдан бошлаб Бошқирдистоннинг Кугарчинский туман суди Фурқат Абдуфаттоевни дастлабки ҳибсга олиш муддатини тўрт марта узайтирди.

Озодлик радиосига қисқа телефон орқали берган интервьюсида Абдуфаттоев Россия ҳукумати уни нега озод қилгани ҳақида батафсил маълумот бермади, фақат унинг озод этилиши учун тожикистонлик расмийлар кўп ҳаракат қилганини ва у улардан миннатдорлигини айтди.

Вақтинча сақлаш ҳибсхонасиддан озод қилинганига қарамай, Россия суди уни экстрадиция қилиш тўғрисида қандай қарор қабул қилиши ҳали аниқ эмас.

Сўнгги беш ой ичида Қирғизистон расмийларининг илтимосига биноан Россияда Ворух жамоатининг фуқароси иккинчи марта ҳибсга олиниши. Абдуфаттоевдан ташқари Ворухда яшовчи Диловар Жўраев ҳам ҳибсга олинган.

Айни пайтда, Тожикистон чегара можаросини қўзғатишда айбланаётган қўшни давлатнинг айрим фуқароларини ҳам таъқиб қилмоқда. Озодлик радиосининг қирғиз хизмати хабар беришича, 18 апрель куни Россия ҳукумати Нижний Новгородда Тожикистоннинг Хўжа Ало билан чегарадош Кўк-Тош қишлоғида яшовчи Эсанбой Маджидовни ҳибсга олган. Тожикистон томони уни суд ва тергов учун Тожикистонга топширишни талаб қилди.

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара 976 километрдан ортиқ, шундан 504 километри делимитация қилинмаган ва бу кўп йиллар давомида икки қўшни давлат ўртасида жиддий муаммо бўлиб келган. Шу йилнинг 28-29 апрель кунлари бўлиб ўтган чегара тўқнашувлари пайтида икки томондан ўнлаб одамлар ҳалок бўлган ва юзлаб одамлар жароҳат олган.

XS
SM
MD
LG