Ссылки доступа

Тожикистон Афғонистон билан чегарасини қўриқлашда КХШТдан ёрдам сўради


Тожикистон билан Афғонистон ўртасидаги чегара участкаларидан бири

Тожикистон Афғонистон билан чегарасини қўриқлашда ёрдам сўраб Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) мурожаат қилди. Россия етакчилигидаги мазкур ҳарбий иттифоқ собиқ совет республикаларини бирлаштиради.

“Минтақада юзага келган вазиятни, шунингдек Афғонистон билан чегаранинг айрим участкалари ўтиш қийин бўлган тоғли жойларда жойлашганини ҳисобга олганда, бу вазифани ёлғиз уддалашимиз қийинга ўхшамоқда”, деган Тожикистоннинг КХШТдаги вакили Ҳасан Султонов.

У толибларнинг Афғонистонда ҳукумат кучларига ҳужум қилиши манзарасида сўнгги икки ҳафта мобайнида тожик чегарасини бир ярим мингга яқин афғон ҳарбийси кесиб ўтганини урғулаган.

Расмий Душанбенинг чақириғидан олдинроқ Москва ўз иттифоқчисини дастаклашини билдириб, баёнот берганди. “Россия зарур бўлганда чегара хавфсизлигини таъминлашда Тожикистонга кўмаклашиш учун қўшимча кучларни ишга солишга тайёр”, деганди 6 июлдаги баёнотида Россия ТИВ раҳбари ўринбосари Андрей Руденко.

Тожикистон ҳудудида Россиянинг 201-ҳарбий базаси жойлашган. “Интерфакс”га кўра, у Россиянинг ўз ҳудудидан ташқаридаги энг йирик ҳарбий объекти ҳисобланади.

Толиблар АҚШ ва НАТОга аъзо бошқа мамлакатлар Афғонистондан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетишни бошлаши билан ҳужумга ўтган. Ғарб коалицияси ўз кучларини сентябрь ойи ўрталаригача тўлиқ олиб чиқиб кетишни режаламоқда.

Тожик ҳукумати қайдича, Афғонистон билан умумий чегара чизиғининг тахминан учдан икки қисми айни пайтда радикал исломчилар назоратига ўтган. Чегаранинг жами узунлиги эса 1350 чақиримдан ортиқ.

Душанбе мамлакатга қочқинлар ёпирилишини кутаётганини, уларнинг дастлабки гуруҳларини бошпана ва озиқ-овқат билан таъминлай бошлаганини ҳам билдирган.

Афғонистонда толиблар сўнгги ҳафталарда мамлакат шимолидаги каттагина ҳудудни ишғол этган. Уларнинг кўламли ҳужумлари Кобулдаги халқаро тан олинган ҳукуматнинг ҳалокатига олиб келиши мумкинлигидан хавотирлар тобора кучайиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG