Ссылки доступа

ХТВ мактабларда ўқувчи қизлар ҳижобда юриши мумкин эмаслигини эслатди


Ўзбекистонда ўқувчи қизларнинг мактабга ҳижоб кийиб келиши мумкин эмас.

Бу ҳақда баёнот тарқатган Халқ таълими вазирлиги ўз иддаосини “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисида”ги низом бандларига таянган ҳолда асослаган.

ХТВ қайдича, мазкур низомга мувофиқ, умумтаълим мактабларида ўғил бола ўқувчиларнинг таълим муассасасига танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, соқол қўйган, сочи 2-3 сантиметрдан узун бўлган ва ёрқин рангларга бўяган ҳолда келишларига, қизларнинг эса таълим муассасасига танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, сочини ёрқин рангларга бўяган, юзини кўзга ташланадиган даражада макияж қилган, қулоғига биттадан ортиқ сирға таққан, бармоқларига узук таққан, қўл тирноқларини бўяган ва узун қилиб ўстирган ҳолда келишларига йўл қўйилмайди.

Вазирлик низомнинг 7-бандида ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозимлиги белгиланганини ҳам эслатган.

ХТВ бу баёнотни тарқатишга жорий йилнинг 5 июль куни “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги янги қонун қабул қилиниши ортидан ўқувчи-қизларнинг мактабга рўмол ўраган ҳолда, ўғил болаларнинг эса соқол қўйган ҳолда келиши масаласида журналистлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида турли саволлар пайдо бўлаётгани туфайли эҳтиёж сезган.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан душанба куни имзоланган мазкур қонун билан, хусусан, Ўзбекистонда жамоат жойларида “ибодат либоси”да юришга тақиқ бекор қилингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG