Ссылки доступа

Москвада марказий осиёлик муҳожирлар ўртасида оммавий муштлашув бўлиб ўтди


Россия пойтахти Москва шаҳридаги “Кузьминки” метро бекати ёнида меҳнат муҳожирлари ўртасида муштлашув содир бўлди. Турли маълумотларга кўра, муштлашувда 50 нафардан 200 нафаргача киши иштирок этган.

Ҳодиса чоғида пичоқланган бир неча киши касалхонага етказилган. ТАСС ва “Интерфакс” агентликлари манбалари муштлашувдан сўнг камида 20 киши қўлга олинганини маълум қилишган. Москва полицияси вакиллари ҳодиса чоғида бир неча киши ушланганини тасдиқлаган, бироқ уларнинг сонига аниқлик киритган эмас.

“Интерфакс” манбасига кўра, “шахсий хусумат асосида” рўй берган муштлашув ўзбекистонлик ва қирғизистонлик муҳожирлар орасида чиққан. Кейинроқ муштлашаётган икки томонга юртдошлари келиб қўшилган, натижада ҳодиса оммавий муштлашувга айланиб кетган.

Аввалроқ бошқа нашрлар тўқнашув тожикистонлик ва қирғизистонлик муҳожирлар ўртасида чиққани ҳақида хабар тарқатган эдилар.

XS
SM
MD
LG