Туркиянинг Анадолу давлат ахборот агентлигининг хабар беришича, бундай қарор 12 июль куни қабул қилинган, гумонланувчига ФEТО ҳаракати аъзолари томонидан Қирғизистон паспортларини олишда ёрдам берганликда айбланмоқда (Туркия расмийлари туркиялик мухолифатчи сиёсатчи Фатҳуллоҳ Гуленнинг ҳаракати деб аташади ва буни кўриб чиқмоқдалар — таҳрир).
Қайд этилишича, Ўрхон Инанди Анқарадаги сўроқ пайтида айбига иқрор бўлган. Унинг адвокати ва куёви Ҳалил Иброҳим Йилмаз аввалроқ Азаттйкка Сапат раҳбари Анқарадаги терроризмга қарши кураш бўлинмасида сақланаётганини айтган эди. Шу билан бирга, у ўзининг мижози билан ҳали ҳам учраша олмаганлигини таъкидлади.
Ўрхон Инанди 1 июнь кечаси Бишкекда ғойиб бўлди. Полиция томонидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 170-моддаси («Одам ўғирлаш») бўйича иш қўзғатилган. Кейинчалик, у Интерпол томонидан ҳам халқаро қидирувга берилган.
5 июль куни Туркия президенти Ражаб Эрдўғон халққа мурожаатида Туркия махсус хизматлари вакиллари Ўрхон Инандини мамлакатга олиб келганини айтди. Шу билан бирга, у ҳибсга олинган шахсни «ФEТОнинг Ўрта Осиёдаги бошқарувчиси» деб атаган ва у Туркия адолатига топширилганлигини айтган.
Бу Қирғизистонда кенг жамоатчилик норозилигини келтириб чиқарди. 6 июль куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Туркиянинг Қирғизистондаги элчиси Аҳмет Садиқ Доғанга нота топширди ва Туркия томонини Ўрхон Инандини қайтаришга чақирди. Президент Садир Жапаров ҳам Қирғизистон Ўрхон Инандини қайтарилишини талаб қилишини айтди.
Асли туркиялик Ўрхон Инанди 1995 йилда Қирғизистонга келган ва 2012 йилда Қирғизистон фуқаролигини олган. У раҳбарлик қилаётган “Сапат” (собиқ “Себат”) шаҳар таълим муассасаси таркибига 16 та лицей, “Ала-Тоо” халқаро университети, UWIS халқаро мактаби ва 4 та тўлиқ бўлмаган ўрта мактаб киради. Уларда 10 мингдан зиёд ўқувчи ва талаба таҳсил олмоқда.