Ссылки доступа

Европа суди Россиядан бир жинсли жуфтликларни қонунан тан олишни талаб қилди


Европа инсон ҳуқуқлари бўйича суди (ЕИҲБС) Россиядан бир жинсли оилавий муносабатларни тан олишнинг ҳуқуқий тартиб-таомилларини жорий этишни талаб қилди.

Суд қарорида таъкидланишича, бир жинсли жуфтликлар анъанавий жуфтликлар каби оила қуриш ҳуқуқига эга бўлиши лозим, айни чоғда уларнинг иттифоқини “никоҳ” деб аташ шарт эмас.

Қарор ЕИҲБС сайтида эълон қилинган. Суд Москва ва Липецк вилоятидаги 2009 йилдан бери никоҳ қуришга ҳаракат қилаётган уч жуфтликнинг даъволарини бирлаштирган. ФҲДЁ идоралари уларга рад жавоби берган, Россия судлари эса бу рад жавобини қонуний деб топган.

Европалик судьяларнинг аниқлашича, бир жинсли жуфтликларнинг бирга яшаши учун қонуний тўсиқлар бўлмаган. Бироқ улар ўз иттифоқининг давлат томонидан тан олинишига эриша олмаганлар. Бусиз бир жинсли жуфтликлар оилавий турар-жой дастурларида иштирок этиш, хавфли вазиятларда жуфтини кўргани касалхонага бориш, яқин қариндошга қарши кўрсатма бермаслик ҳуқуқларига ҳамда мерос ҳуқуқига эга бўла олишмаган.

Жавобгар бўлмиш Россия ҳукумати вакили судга аксари россияликлар бир жинсли никоҳларни ёқламаслигини билдирган. ЕИҲБС эса аҳолининг хусусий ва оилавий ҳаётга оид тамал ҳуқуқлардан фойдаланиш имконияти ҳақида гап кетганида давлат ижтимоий ахлоққа суяна олмайди, деган хулосага келган.

Суд мулоҳазасича, мамлакатлар ижтимоий ва маданий жиҳатлардан келиб чиқиб бир жинсли жуфтликларни рўйхатга олишнинг ўзларига мос шаклини танлаши мумкин.

2020 йилда Россия конституциясига киритилган моддага мувофиқ, давлат ва унинг субъектлари оила институтини “бир эркак ва бир аёлнинг иттифоқи” ўлароқ ҳимоя қилиши керак. Конституциявий суд шарҳида мазкур меъёр “жинсий ориентацияси важидан шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чеклаш ҳолатларини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни кўриш” мажбуриятини давлат зиммасидан соқит қилмаслиги айтилган.

XS
SM
MD
LG