Ссылки доступа

Қирғизистон президенти судга берилмоқда


Дин ишлари бўйича давлат комиссиясининг собиқ директори Акин Тўқталиев Президент Садир Жапаров ва унинг собиқ матбуот котиби Галина Байтерекни судга берди. Бу ҳақда Тўхталиевнинг ўзи хабар қилди.

У Дин ишлари бўйича давлат комиссияси директори лавозимидан асоссиз равишда озод қилинганлигини айтди.

«Мени лавозимдан четлатишганида, президент ва унинг ўша пайтдаги матбуот котиби мени экстремистга тенглаштирдилар», — деди Тўхталиев.

У судланувчилардан 100 миллион сом (1,1 миллион доллардан ортиқ) ва узр сўрашларини талаб қилмоқда. У 8 июль куни Бишкек шаҳрининг Первомайский туман судига мурожаат қилди. Аммо унинг аризаси 12 июль куни қайтариб берилди. Эртаси куни Тўхталиев ҳужжатларни тўлдирди ва яна судга мурожаат қилди.

Президент маъмурияти ва Галина Байтерек ҳозирча бу масала бўйича изоҳ беришмади.

Акин Тўхталиев Дин ишлари бўйича давлат комиссиясининг директори лавозимига 2020 йил ноябрида ўша пайтда президент вазифасини бажарувчи бўлган Садир Жапаров томонидан тайинланган. У ушбу лавозимдан 2021 йил 9 февралда озод қилинган.

Акин Тўхталиев Қирғизистон халқининг шарафи ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш қўмитасини бошқаради. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва адвокати сифатида танилган. У Иссиқкўл вилояти раҳбарини гаровга олиш иши бўйича суд жараёнида Садир Жапаровнинг манфаатларини ҳимоя қилди ва бу иш сиёсий асосга эга эканлигини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG