Ссылки доступа

UNICEF: Россияда 9 миллиондан кўпроқ фуқаро тўйиб овқатланмайди


Россия тўққиз миллиондан зиёд одам озиқ-овқат етишмаслиги ёки тўйиб овқатланмаслик шароитида яшамоқда. Бу ҳақда БМТнинг Болалар жамғармаси (UNICEF) томонидан ҳисоботда айтилган.

Ташкилотнинг 2018-2020 йиллар бўйича маълумотига кўра, Россияда егуликка ўта муҳтож бўлган 400 минг одам яшайди. Яъни улар маблағ етишмагани туфайли кунига камида бир марта овқатланишдан тийилишга мажбурлар. Россияликларнинг яна 8,8 миллиони (мамлакат аҳолисининг 6 фоизи) овқатланишни канда қилмайди, бироқ егулик миқдорини камайтиришга мажбур.

Ҳар иккала кўрсаткич ҳам сўнгги олти йил ичида пасайган. Ҳисоботда айтилишича, 2014-2016 йилларда Россияда бир миллион чоғли одам очликдан азият чеккан, қарийб 12 миллион одам эса етарли даражада овқатланмаган.

Шу йилнинг апрель ойида ёйинланган “Тинькофф Data” тадқиқоти маълумотларига кўра, россияликлар асосий озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишга сарфланажак маблағни сезиларли даражада қисқартирган. Экспертларга кўра, харажатлар қисқаришининг асосий сабаби инфляциянинг ўсиши бўлган. Росстат маълумотига мувофиқ, биргина февраль ойида истеъмол саватига кирган озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 16 фоизга ошган.

Россияда аҳоли даромади камайиб бораётгани қабатида бир неча йилдан буён кам таъминланганлар учун озиқ-овқат карточкаларини жорий қилиш имконияти муҳокама қилинмоқда. Бу масала юзасидан мулоҳаза юритиб кўришни президент Владимир Путин ҳам таклиф қилган. “Левада-центр” ташкилоти томонидан март ойида ёйинланган тадқиқотга кўра, бу ғояни россияликларнинг 54 фоизи ёқлайди.

XS
SM
MD
LG