23 июлда бошланадиган Токиодаги ёзги Олимпия ўйинларида Тожикистонни 10 нафар спортчи ҳимоя қилади.
Токио Олимпиадаси 2020 йил ёзида бўлиб ўтиши керак эди, аммо пандемия сабабли роппа-роса бир йилга қолдирилди. Шу билан бирга, «Олимпиада-2020» номини сақлаб қолишга қарор қилинди. 2021 йил 24 августдан 5 сентябргача Токиода ўтказилиши керак бўлган Паралимпия ўйинлари вақти ҳам бир йилга ўзгарган.
23 июль куни Токиода 2020 йилги Олимпия ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Очилиш маросими Токио миллий стадионида бўлиб ўтади — у 2019 йилда шаҳарнинг собиқ асосий стадиони ўрнида барпо этилган. Олимпиаданинг очилишида Тожикистон байроғини Темур Раҳимов олиб боради.
10 нафар тожикистонлик спортчидан 7 нафари Олимпия ўйинларида биринчи марта иштирок этмоқда.
Бунгача, 2008 йилда Пекин Олимпиадасида эркин курашчи Юсуф Абдусаломов кумуш, дзюдочи Расул Боқиев бронза билан тақдирланган эди. 2012 йилги ёзги Олимпиада ўйинларида Тожикистон битта бронза медалини қўлга киритди. Медални 60 кг вазн тоифасида учинчи ўринни эгаллаган Мавзуна Чориева қўлга киритди.
Тожикистонлик спортчилар, Токио Олимпиадасида медалларни қўлга киритган тақдирда, Тожикистон Президенти жамғармаси томонидан пул мукофотларига сазовор бўлишади. Олтин медаль учун мукофот миқдори 300 минг сомонийни ташкил этади. Олимпия ўйинларида кумуш ва бронза медалини қўлга киритган спортчилар мос равишда 250 минг (тахминан 22 минг доллар) ва 200 минг сомоний (17,5 минг доллар) олади.