Ссылки доступа

Ўзбекистонда президент сайловига старт берилди, сайлов куни 24 октябрга белгиланди


Ўзбекистонда жорий йилнинг 23 июлидан президент сайлови кампаниясига старт берилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг жума куни бўлиб ўтган мажлисида билдирилган.

МСК матбуот хизмати қайдича, тадбирда сиёсий партиялар раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган.

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси 2021 йилнинг 24 октябрь санасини президент сайлови куни, деб белгилаган.

Ўзбекистон сайлов қонунчилигига жорий йил февраль ойида киритилган ўзгартишларга мувофиқ, мамлакатда бундан буён президент сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари сайлови уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши қайд этилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, бу галги президент сайлови 2021 йил 24 октябрига белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасида президент мамлакат фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланиши қайд этилган.

Ўзбекистонда сўнгги президент сайлови 2016 йил 4 декабрида ўтказилган. Унда, расмий маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 88,61 фоиз овозини олган Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонган.

XS
SM
MD
LG