Ссылки доступа

Тожикистон 100 минггача афғон қочқинини қабул қилиши мумкин


Временный лагерь для беженцев из Афганистана в ГБАО
Временный лагерь для беженцев из Афганистана в ГБАО

Мамлакат расмийларига кўра, Тожикистон қўшни Афғонистондан 100 минггача қочқинни қабул қилиши мумкин. Афғонистон билан умумий чегара чизиғининг муҳим қисми Толибон назорати остига ўтгандан сўнг, Душанбе қўшни давлатдан қочқинлар оқимига тайёрлана бошлади.

Тожикистон Фавқулодда вазиятлар ва фуқаролик мудофааси қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Имомали Иброҳимзода 23 июнь куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида мамлакат Афғонистондан 100 минггача қочқинни қабул қилиши мумкинлигини айтди. Қочқинлар сони кўпайган тақдирда, Тожикистон халқаро ташкилотлардан ёрдам сўраб мурожаат қилади, деди у.

Тожикистон фавқулодда вазиятлар қўмитаси бошлиғининг ўринбосари афғон қочқинларининг эҳтимолий оқимига тайёргарлик кўриш мақсадида Хоруғ шаҳри ва Хатлон вилояти Кушониён туманида ноозиқ-овқат товарлари ва материаллар учун иккита омбор қурилиши бошланганини қўшимча қилди.

Тожикистон ФEСК раҳбарияти, шунингдек, сўнгги кунларда толиблар таҳдиди туфайли Тожикистонга қочиб кетган 1600 афғонистонлик қочқинни ўз ватанига қайтариш учун 11 та рейс ташкил қилинганлигини хабар қилди.

Эслатиб ўтамиз, Хатлон вилояти раҳбари Қурбон Ҳакимзода шу ҳафта Жайҳун вилоятида афғон қочқинлари учун вақтинчалик лагерь қурилиши ҳақида хабар берган эди. Афғонистонлик қочқинлар учун вақтинчалик лагерь қурилиши, унинг сўзларига кўра, Тожикистон Ички ишлар вазирлиги томонидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Хатлон вилояти раисининг таъкидлашича, Афғонистон аҳолисига вақтинча бошпана бериш ҳар бир тожикистонлик фуқаронинг инсоний бурчидир. «Шуни унутмаслигимиз керакки, фуқаролар уруши пайтида улар бизнинг ватандошларимизга ёрдам беришган, уларни бир неча ой давомида уй ва озиқ-овқат билан таъминлашган. Энди улар бизнинг ёрдамимизга муҳтож ва биз уларга инсонпарварлик билан ёрдам беришимиз шарт, албатта хавфсизлик ва санитария меъёрларини ҳисобга олган ҳолда, “- деди Қурбон Ҳакимзода.

Ойнинг бошида Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилояти раҳбари Ёдгор Файзов фавқулодда йиғилиш ўтказиб, 5-10 минг қочқинни қабул қилишга тайёрлигини айтди. У қўшни Афғонистондан қочқинлар оқими келиб чиқадиган бўлса, зарур маҳсулотлар захирасини тайёрлашни буюрди.

Афғонистондаги Толибон ҳужуми АҚШ ва бошқа НАТО қўшинларининг мамлакатдан чиқиб кетиши фонида давом этмоқда. Тожикистон расмийларининг маълумотларига кўра, ҳозирда Афғонистон билан чегаранинг учдан икки қисми радикал исломчилар назорати остида. Умуман олганда унинг узунлиги 1400 километрдан ошади.

Афғонистон ҳукумати маълумотларига кўра, ҳукумат кучлари ва Толибон ўртасидаги зиддият туфайли икки миллиондан ортиқ одам қочқинга айланган.

XS
SM
MD
LG