Ссылки доступа

Ўзбекистонда Хитойнинг WeChat мессенжери фаолияти ҳам чекланди


Ўзбекистонда фаолияти чекланган ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар қаторига WeChat мессенжери ҳам қўшилган.

Аввалроқ мамлакатда Тwitter, ТiкТок, ВКонтакте тармоқлари ҳамда Skype мессенжери фаолияти чеклангани ҳақида хабар қилинганди. Эндиликда шу йил 2 июлидан фаолияти чекланган бу сервислар қаторига WeChat ҳам қўшилгани маълум бўлган.

Маҳаллий нашрлар WeChat мессенжери "Ўзкомназорат" томонидан шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига киритилганига эътибор қаратишган. Реестрга шахсий маълумотларга ишлов беришда уларни сақловчи серверлари жисмонан Ўзбекистон ҳудудида бўлишига оид талабни бузган ширкатлар киритилган.

Шу йил 16 апрелидан бошлаб Ўзбекистонда “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга янги қўшилган 27-1 модда кучга кирганди. Бу моддага мувофиқ, Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотлар жисмонан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган серверларда сақланиши талаб қилинган.

Қонун кучга киргач, “Ўзкомназорат” Ўзбекистонда оммабоп бўлган интернет-сервислар маъмуриятларига огоҳлантириш хатлари юборган.

Расмийларга кўра, олиб келиниши талаб қилинаётган шахсий маълумотлар сирасига фуқаролар тармоқда рўйхатдан ўтиш учун ишлатадиган исм-фамилия, телефон рақами ва паспорт маълумотлари кабилар киради.

XS
SM
MD
LG