Ссылки доступа

Тожикистонда 1 700 маҳбус Ваҳдатдаги янги қамоқхонага кўчирилди


Душанбедаги 1 -сонли ахлоқ тузатиш муассасасининг 1 700 маҳбуслари Ваҳдат шаҳрида жойлашган янги қамоқхонага ўтказилди. Бу ҳақда Озоди радиосига Тожикистон адлия вазирлиги жиноий жазони ижро этиш бош бошқармаси (ЖЖИББ) масъул ходимларидан бири хабар берди.

«Маҳбуслар 25 июлда Ваҳдатдаги янги қамоқхонага кўчирилди. У ерда шароитлар анча яхши. Ваҳдатдаги ахлоқ тузатиш муассасасида маҳбуслар 10 кишилик камераларда сақланади, пойтахт қамоқхонасида 80 кишилик баракда сақланардилар. Яшаш шароитлари, жумладан, овқат тайёрлаш шароитлари ҳам яхшиланди», — дея қўшимча қилди суҳбатдошимиз.

Янги қамоқхона Душанбе — Ваҳдат магистраль йўлида, Тожикистон пойтахтидан 15 км узоқликда жойлашган. Расмийлар журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва фуқаролик жамияти вакилларини янги қамоқхонада сақлаш шартлари билан ҳали таништирмаган.

Тожикистонда тақиқланган Исломий Уйғониш партиясининг судланган аъзоси Раҳматулло Ражабнинг қизи Нилуфар Ражабова 27 июль куни Озоди радиосига отаси Ваҳдатдаги янги қамоқхонага кўчирилганлигини айтди. «Биз ҳали у билан гаплашиш имконига эга эмасмиз, биз янги жойдаги шароит ҳақида ҳеч нарса билмаймиз», деди у.

Пойтахтдаги 1-сонли ахлоқ тузатиш муассасаси маҳбусларини янги қамоқхонага кўчириш 14 июлда бошланди. Ваҳдат шаҳридаги халқаро стандартларга мувофиқ қурилган янги қамоқхона биноси террористик характердаги жиноятлар учун ҳукм қилинганларга мўлжалланган.

Бугунги кунда Тожикистонда 19 та ижро этувчи муассасалар мавжуд бўлиб, улардан 13 таси ахлоқ тузатиш муассасалари ва 6 таси қамоқ жойлари. Икки йил олдин, Тожикистон Конституциясининг 25 йиллигига тўғри келадиган амнистия арафасида 13000 га яқин маҳкумлар ахлоқ тузатиш муассасаларида сақланар эди. Амнистия бўйича Тожикистон колонияларидан етти минг маҳбус озод қилинди.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги йилларда Тожикистон қамоқхоналарида иккита тартибсизликлар қайд этилган: биринчиси 2018 йил 7 ноябрда Хўжанддаги қаттиқ тартибли колонияда, иккинчиси эса 2019 йил 19 майда Ваҳдат шаҳридаги колонияда содир бўлган. Иккала ҳолатда ҳам 50 киши ҳалок бўлди, расмийлар Исломий давлат гуруҳини айблашди.

Бироқ, халқаро экспертлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, тартибсизликларнинг асосий сабаби турмалардаги оғир шароитлар ва қамоқхона ходимларининг қонунбузарликлари.

XS
SM
MD
LG