Ссылки доступа

Туркманистон: бир неча миллиард доллар қийматли “Ашхобод-сити” лойиҳаси хавф остида


“Ашхобод-сити” лойиҳаси қурилиши мўлжалланган ҳудуднинг каттагина қисмида ер юзасига яқин қатламда сизот сувлари борлиги аниқланди. Шу муносабат билан лойиҳачилар ўнлаб баланд иморатларни ўз ичига олган бундай йирик мажмуа қурилиши катта муаммолар туғдириши мумкинлигидан чўчимоқдалар.

Бу ҳақда Озодликнинг туркман хизматига мажмуани лойиҳалашга жалб қилинган бир неча мутахассис маълум қилди.

Уларнинг айтишича, қурилиш мутасаддилари бу янгилик билан президент ҳузурига киришга қўрқади.

Озодлик кўп йиллар Туркманистонда гидрогеология муаммолари билан шуғулланган мустақил мутахассис билан гаплашди. У юзага яқин ер ости сувлари аниқланганидан эмас, балки бу сизот сувлари борлигини лойиҳачилар шунча вақт ўтганидан сўнг билиб қолишганидан ҳайратда эканини айтди.

Озодликнинг Ашхобод мэриясига яқин манбаларига кўра, ер юзасига яқин қатламда жойлашган сизот сувлари пойдевор учун чуқур қазиш бошланган пайтда аниқланган.

“Энди улар бу янгилик билан президент ҳузурига боришга қўрқишяпти. Аммо барча лойиҳачилар бунақа вазиятда қиммат турадиган юқори технологик насос қурилмаларисиз мажмуа қурилишини давом эттириб бўлмаслигини айтмоқда. Янги халқаро аэропорт биноси расман очилганидан кейин кўп ўтмай чўка бошлаган ва деворларида чуқур ёриқлар пайдо бўлганди, бу ўша вазиятни ёдга соляпти. Лекин, мутахассислар айтишича, “Ашхобод-сити” Қорақум каналидан шимолроқда қурилаётгани учун вазият анча жиддий, бу ерда 35 қаватли бино тугул, пастроқ иморатларни ҳам қуриш мумкин эмас”, дейди манбаларимиздан бири.

Ашхободнинг шимолий туманларидаги ер ости сувлари билан боғлиқ вазият билан яхши хабардор мутахассис “Ашхобод-сити” лойиҳачилари ер ости сувларини пойдевор чуқури қазила бошлаганидан кейингина пайқаб қолишганидан ҳайратда эканини айтмоқда.

“Қорақум каналидан шимолроқдаги ҳудудлар ярим сув босган зонада жойлашгани барчага маълум ва машҳур факт. Баъзи жойлар борки, бир метрча қазишингиз билан ер ости сувларига дуч келасиз. Буни билиш учун пойдевор чуқурини қазиш шарт эмасди. Ҳатто аэропорт ҳам каналдан жануброқда, тоғлардан оқиб келган ер ости сувларини канал ўзига тортиб оладиган ҳудудда қурилганига қарамай, сизот сувлари кеча-кундуз насос билан сўрилиб олинаётгани ҳисобига ишлаши мумкин. Шундай бўла туриб 2017 йил бошларида аэропорт биноси чўкаётгани ва деворларда ёриқлар пайдо бўлгани аён бўлган эди. Каналдан шимолроқда эса вазият янада жиддий бўлади, албатта. Мутахассислар аэропортдаги вазият такрорланишидан хавфсираётгани менга ғалати туюлади. Агар улар ростдан ҳам мутахассис бўлишса, бунга шубҳа қилмасликлари лозим эди. “Ашхобод-сити”ни айнан ўша ерда қуришга қарор қилишгани сабабини мен бошиданоқ тушунмаганман. Бу мазкур қарорни қабул қилган мулозимларнинг саводсизлигидан далолат беради”, дейди мутахассис.

“Ашхобод-сити” лойиҳаси Туркманистон пойтахтининг шимолий қисмида, Гуртлин сув омборига яқин ҳудудда қурилмоқда. Жорий йилнинг 25 май куни президент Бердимуҳамедов катта тантана билан мажмуа қурилишини бошлаб берган эди.

Расмий хабарларга кўра, умумий майдони 744 гектарга тенг мажмуа 200 бинони, жумладан, баландлиги 12 дан 35 қаватгача бўлган ва жами 107 минг киши истиқомат қилишига мўлжалланган 180 та турар-жой иморатларини ўз ичига олади. Аввалроқ мутахассислар тез-тез зилзила бўлиб турадиган Ашхободдек шаҳарда 35 қаватли бинолар қуриш мақсадга мувофиқ эмаслигидан хавотир билдирган эди.

Гидрогеология мутахассиси Ашхободнинг мазкур туманида бу қадар йирик қурилишни давом эттириш бошқа муаммоларни туғдириши мумкинлигидан огоҳлантирди.

“Бу ерда сизот сувларига бевосита дахлдор ўзга муаммо ҳам бор. Бу – шўрланиш. Туз нафақат экилган дов-дарахтлар ва ўсимликларга хавф солади, балки келтириб тўкилган тоза тупроққа ҳам кириб бориб, иморатларни нуратади. Бунақа туманларда тузга чидамли махсус бетон ишлатиш керак ва у жуда қиммат туради. Шунингдек, ер ости сувлари яқин бўлгач сейсмик хавф-хатар ҳам кескин ортади”, дейди мутахассис.

XS
SM
MD
LG