Ссылки доступа

Қирғизистонга Синофарм вакцинасининг 1,25 миллион дозаси етказиб берилди


Қирғизистонга коронавирус инфекциясига қарши Хитой Синофарм вакцинасининг 1 миллион 250 минг дозадаги янги партияси етказиб берилди.

Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматининг хабар беришича, дори республика бюджети ҳисобидан сотиб олинган. Мамлакат расмийларига кўра, Қирғизистон Республикаси Хитойдан 2 миллион 350 минг доза Синофарм сотиб олган.

2021 йил март ойида ХХР Қирғизистонга 75 минг кишига мўлжалланган 150 минг дозалик Синофармнинг биринчи бепул партиясини ажратди. 11 июль куни яна 1 миллион 250 минг доза Қирғизистон Республикасига келди, шундан Хитой яна 150 минг дозасини хайрия қилди, қолган 1,1 миллион дозаси эса бюджет ҳисобидан сотиб олинди.

Вазирлар Маҳкамаси вакцинанинг сотиб олинган партияси ва уни ташиш нархини ошкор қилмади, бироқ олдинроқ Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазири Алимқодир Беишеналиев Хитой томони Синофарм вакцинасининг аниқ нархини ошкор қилмасликни сўраганини айтди. Шу билан бирга, у бу дори Россиянинг Спутник Vга қараганда арзонроқ бўлганини, Қирғизистон ҳар бир дозани 10 доллардан сотиб олганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон ва Хитой Қирғизистон Республикаси ҳудудида коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқарадиган завод қуриш имкониятини ҳам муҳокама қилган.

Қирғизистонда коронавирусга қарши эмлаш 2021 йил 29 мартда бошланган. Мамлакат аҳолиси Хитойнинг Синофарм вакцинаси ва Россиянинг Спутник В вакцинаси билан эмланмоқда. 22 июлдан бошлаб эмлаш швед-инглиз фармацевтика ишлаб чиқарувчиси Оксфорд университети билан биргаликда ишлаб чиқилган AstraZeneca билан ҳам бошланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 1 август ҳолатига кўра, 450 минг 398 киши эмланган, шундан 116 минг 625 фуқаро иккинчи дозани олган.

XS
SM
MD
LG