Бу ҳақда президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов 2 август куни Тошкентда оммавий ахборот воситалари учун ҳар душанба анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган брифинг чоғида маълум қилган.
Брифинг чоғида Кун.уз нашри мухбири томонидан берилган “Президентимизнинг ўзи вакцина қабул қилдими, агар жавоб ижобий бўлса, у қандай турдаги вакцина?” саволига Ш. Асадов тасдиқ жавобини берган.
“Давлатимиз раҳбари масъулиятли фуқаро сифатида вакцинация жараёнига жиддий қараганлар ва эмланиш муолажаларини тўла қабул қилиб бўлганлар. Президентимиз вакцина қабул қилаётган вақтларида Ўзбекистонда учта вакцина бўйича эмлаш олиб борилаётганди, булар Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлигида ишлаб чиқилган вакцина, “Спутник V” ва AstraZeneca вакциналари эди. Давлат раҳбари шу вакциналардан бирини қабул қилган”, дея жавоб қилган Шерзод Асадов мамлакат президентининг айнан қачон ва қайси препарат билан эмланганига аниқлик киритган эмас.
Ўзбекистон президентининг бошқа давлат раҳбарлари (мас., АҚШ президенти Жо Байден ёки қўшни Қирғизистон президенти Садир Жапаров) каби бевосита телекамералар қаршисида вакцина олмагани маълум, Ш. Мирзиёев вакцинация жараёнида иштирок этганидан гувоҳлик берувчи фотоҳужжатлар ҳам мавжуд эмас.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатда эмлов жараёнини жадаллаштириш зарурлигини таъкидлагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.
Шерзод Асадов Ўзбекистон президенти коронавирусга қарши тўлиқ эмланганини очиқлади

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда эмлаш учун рухсат этилган учта вакцинадан бирини қабул қилган.