Ссылки доступа

Италияда ҳакерлар COVID-19 қарши эмлов тизимига ҳужум қилишди


Италияда ҳакерлар Лацио вилоятидаги коронавирусга қарши эмлашни назорат қилувчи ширкатнинг маълумотлар базасига ҳужум қилишди.

Жиноятчилар соғлиқни сақлаш портали тизимини ўчириб қўйишган. Расмийлар аҳолини вилоятда эмлаш дастури ижроси кечиктирилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган, дея хабар қилди Reuters.

Маълумотлар базасига ким ҳужум қилганига аниқлик киритилган эмас. Полиция суриштирув олиб бормоқда.

Август ойида Италияда COVID-19 га қарши эмланганлар учун турли тадбирларга, ресторан ва қаҳвахоналарга бориш, учоқлар ва олисга қатновчи поездлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи махсус рухсатномалар жорий этилиши керак эди. Коронавирусга тест топшириб, салбий натижа қайд этганларга ҳам рухсатнома берилади, аммо бу ҳужжат атиги икки кун амал қилади.

Италия ОАВга кўра, ҳукумат эмланмаган ходимларни ишдан четлатишни пандемияга қарши кураш воситаси ўлароқ кўрмоқда. Мазкур тартиб тиббиёт соҳасига аллақачон татбиқ этилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Италияда мамлакат аҳолисининг 50 фоиздан ортиғи тўлиқ эмланган.

XS
SM
MD
LG