Ссылки доступа

Андижонда ҳокимлик биноси олдида йўл тўсган аёлларнинг аксарияти суд ҳукми билан қамалди


 Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан скриншот
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан скриншот

Жорий йилнинг 2 август куни Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди ўтган шанба Андижон вилояти ҳокимлиги биноси олдидаги йўлни тўсиб қўйган бир гуруҳ шахс (17 киши) иши бўйича ҳукм чиқарди.

Андижонда вилоят ҳокими қабулига киролмаган бир гуруҳ аёл 31 июль куни автомобиль йўлини тўсиб қўйгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, ўтган шанба куни фуқаролардан бир гуруҳи вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов қабулига келишган, бироқ қабул тартибида ўзгаришлар бўлгани учун улар ҳокимнинг биринчи ўринбосари Отабек Турсунов ҳузурига йўлланган. Ҳокимлик матбуот хизмати иддаосича, қабул тартибидаги ўзгаришлар ҳақида барча ахборот ресурсларида 29 июлдаёқ хабар берилган.

ИИБ баёнотида айтилишича, ҳокимлик ходимлари изоҳига қарамай, фуқаролар биринчи ўринбосар қабулига киришдан бош тортишиб, жамоат жойида ўзини тутиш қоидаларини бузишиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари талабларига бўйсунмай, ҳокимлик биноси олдидаги автомобиль йўлини тўсиб қўйишган.

Мазкур ҳодиса юзасидан Андижон шаҳар ИИБ фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси терговга қадар текширув ўтказган ҳамда текширув натижалари ва бошқа материаллар шаҳар судига топширилган.

Суд қарори билан йўл тўсган 15 нафар аёл ва 2 нафар эркак Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ҳамда 201-моддаси 1-қисми (Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) бўйича айбдор, деб топилганлар. Судланганлардан 11 нафари 8 суткадан 15 суткагача ҳибсга олинганлар, қолганларига эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари (1 миллион 715 минг сўм) миқдорида жарима солинган.

Озодлик ўтган ой Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани Айритом қишлоғида ўтган ой электр энергияси билан боғлиқ муаммолар туфайли Тошкентдан келаётган “Афросиёб” тез юрар поезди йўлини тўсиб қўйган 9 нафар фуқаро 15 кунга ҳибсга олингани, яна 4 киши жаримага тортилгани ҳақида хабар қилганди.

XS
SM
MD
LG