Ссылки доступа

АҚШ: Республикачилар COVID-19 Хитой лабораториясидан тарқалганини айтишмоқда


COVID-19 генетик жиҳатдан модификацияланган вирус Хитойнинг Ухань шаҳридаги лабораториядан сизиб чиқиши натижасида тарқалган — АҚШ Вакиллар палатасидаги республикачилар суриштирувидан шундай хулоса чиқади, деб ёзган The Hill нашри.

Ҳисобот муаллифи конгрессмен Майкл Макколга кўра, лаборатория профилактик чораларни ўрганиш мақсадида вирус мутациялари устида тадқиқотлар ўтказган. Аммо изланишлар хавфсиз бўлмаган шарт-шароитда олиб борилган, деб ҳисоблайди конгрессмен.

Суриштирувда айтилишича, коронавирус одамга биринчи марта юқиши 2019 йилнинг ноябрь ойида эмас, сентябрь ойида қайд этилган.

Маккол Ухандаги вирусология институтига ва, ўз иддаосича, пандемияга қарши курашга халал берган Хитой компартияси вакилларига нисбатан санкциялар жорий этишга чақирган.

Май ойида АҚШ президенти Жо Байден COVID-19 вирусининг келиб чиқиши ҳақида маълумот сўраб разведка идораларига мурожаат қилган эди. Байден Хитой лабораториясининг вирус пайдо бўлишидаги роли хусусида маълумот олиш учун уч ой муҳлат берган.

2021 йил бошида Уханга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари борган. Улар суриштирув ўтказиб, COVID-19 пайдо бўлишига доир ҳақиқатга энг яқин тахмин бу унинг одамга ҳайвондан ўтганидир, дея хулоса қилган.

Пекин коронавирус ҳақидаги маълумотларни яширганлик айбловини ҳамда унинг лабораторияда яратилганини рад этиб, ЖССТнинг қўшимча суриштирувида иштирок этишдан бош тортган.

Коронавирус пандемияси бошланганидан бери ушбу вирус билан қарийб 200 миллион одамга юққан, ўтган давр мобанида шундан беш миллионга яқин бемор вафот этган.

XS
SM
MD
LG