Улар давлатнинг собиқ ёки амалдаги юқори лавозимли мулозимларидир. Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ этиш маркази (OCCRP) сайтидаги маълумотга кўра, киберҳужумларга:
– Парламентнинг собиқ аъзоси, Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси ва ФВВнинг собиқ раҳбари Владимир Божко;
– “Қозоғистон темир йўли” миллий темир йўл ширкатининг собиқ раҳбари, илгари президент маъмуриятида бошлиқ, ҳукуматда бош вазир ўринбосари, қишлоқ хўжалиги вазири, энергетика вазири, саноат ва савдо вазири лавозимларида ишлаган Сауат Минбоев;
– Ҳозирда Хавфсизлик кенгаши котиби бўлиб ишлаётган, илгари президент маъмуриятига раҳбарлик қилган, бош вазир ўринбосари, пойтахт ҳокими, саноат ва янги технологиялар вазири лавозимларида ишлаган Асет Исекешевлар ҳам нишон бўлган бўлиши мумкин.
OCCRP маълумотига кўра, бу одамларнинг телефонларига кузатув дастури 2018 йилда ўрнатилган. Ўша пайтда Божко парламент қуйи палатаси спикери ўринбосари эди. Асет Исекешев 2018 йил сентябрда пойтахт ҳокимлигидан олиниб, президент маъмуриятига бошлиқ этиб тайинланган.
OCCRP 2018 йили улкан активларга эга “Meridian Capital” хусусий ширкати ортида турган “сирли миллиардер” ўлароқ таърифлаган Сауат Минбоев ўша йили “Қозоғистон темир йўли”га раҳбар бўлгани ҳақида ёзган.
Аввалроқ OCCRP Pegasus дастури ёрдамида кузатилгани тахмин қилинаётган қозоғистонликлар номларини очиқлаган эди. Рўйхатда мухолифатчи Мухтор Аблязов, қозоқ олигархи Бўлат Утемуродов, Назарбоевнинг ўртанча куёви Тимур Қулибоевнинг жияни Алибек Қулибоев, шунингдек мамлакатнинг биринчи шахслари — президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳамда бош вазир Асқар Маминларнинг исмлари қайд этилган.