Ссылки доступа

Қирғизистон Республикасининг собиқ бош вазири Темир Сариев Қумтор иши бўйича ҳибсга олинди


Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ бош вазир Темир Сариевни ҳибсга олди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Сариев «Қумтор» конини ўзлаштириш лойиҳасини амалга оширишнинг турли босқичларида коррупция фактлари бўйича жиноий иш доирасида ушланган.

«Тергов шуни кўрсатдики, Сариев Иқтисодиёт вазири ва айни пайтда тегишли давлат комиссияси раиси бўлиб, Қумтор конининг ишидан атроф-муҳитга етказилган зарар миқдорини бир неча миллиард сомга камайтириб кўрсатди», — дейилади хавфсизлик хизмати хабарида.

Сариев вақтинчалик ҳибсхонага жойлаштирилди, кейинроқ Бишкекнинг Первомайский туман суди унга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш масаласини кўриб чиқади.

Аввалроқ, Қумтор конини ўзлаштириш лойиҳасини амалга оширишнинг турли босқичларида коррупция юзасидан жиноий тергов доирасида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ бош вазир Омурбек Бабанов, депутатлар Асилбек Жеэнбеков ва Торобай Зулпукаров, собиқ депутатлар Исхак Пирматовни ҳибсга олган эди.

Тергов билан битим тузилгандан сўнг, собиқ депутатлар Алмазбек Баатирбеков, Талантбек Узоқбоев, Исхак Пирматов, шунингдек собиқ бош вазирнинг биринчи ўринбосари Тайирбек Сарпашев уй қамоғига қўйиб юборилди. Омурбек Бабановга нисбатан эҳтиёт чораси ўзгартирилди — у чет элда тиббий ёрдам олиш учун қамоқдан озод қилинди.

XS
SM
MD
LG