Ссылки доступа

Литва чегарачилари мигрантларнинг чегара масканидан бошқа жойлар орқали киришига йўл қўймайди


Литва чегарачилари сешанбага ўтар тун мобайнида Беларусь ҳудудидан Литвага ўтишга уринган ўнлаб одамларнинг чегарани кесиб ўтишига йўл қўймай, уларни ортига қайтарган. Бу ҳақда LRT нашрига берган изоҳида Литва ички ишлар вазири ўринбосари Арнольдас Абрамавичюс маълум қилди.

Литва ички ишлар вазири томонидан 2 август куни имзоланган буйруқда чегарачиларга одамларни чегарани кесиб ўтиш назарда тутилмаган жойлар, яъни расмий ўтказиш масканларидан бошқа ерлар орқали мамлакатга киритмаслик учун куч ишлатишга рухсат берган. Чегарачилар бундай ҳолларда одамларни расмий ўтказиш масканларига йўналтириши керак.

Мазкур қарор Яқин Шарқ ҳамда Осиё мамлакатлари, хусусан Ироқдан келган муҳожирлар оқимининг Беларусь орқали Литва ҳудудига ёпирилиши манзарасида қабул қилинган.

Ҳужжатга кўра, чегара чизиғини тақиқланган жойлардан кесиб ўтишга қасддан уринганлар жиноий хатти-ҳаракатларни содир этаётган шахслар ўлароқ кўрилади.

Вазир ўринбосарига кўра, аввалига одамлар адашган бўлишлари мумкинлиги ва бошқа мамлакат ҳудудига ўтаётганлари ҳақида огоҳлантирилади, бироқ чегарани кесиб ўтишга ҳаракат давом этган тақдирда чегарачилар куч ишлатишга ҳақли.

Шу билан бирга, Литва ҳукумати ноқонуний мигрантларнинг бошпана сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқини шубҳа остига қўймаслигини урғуламоқда.

Йил бошидан бери Литвага Беларусь орқали — одатда, чегара постларини четлаб ўтган ҳолда 4 минг нафарга яқин мигрант келган. Бу рекорд миқдор ҳисобланади. Мигрантлар оқими сўнгги ҳафталарда кескин ўсган, баъзи кечалари Литва чегарачилари 100 дан зиёд одамни қўлга олмоқда.

Литва ЕИга аъзо давлат бўлиб, мигрантлар у ерда бошпана олишга умид қилишади, чунки бу уларга Евроиттифоқ ҳудудида эркин яшаш имконини бериши мумкин.

Литва ҳукумати расмий Минскни мамлакат Александр Лукашенко режимига нисбатан кескин позицияни сақлагани учун ўч олиш мақсадида миграция оқимини рағбатлантираётганликда айблаб келади.

XS
SM
MD
LG