Ссылки доступа

Қирғизистон мустақиллигининг 30 йиллиги шарафига 40 дан ортиқ тадбирлар режалаштирилган


Қирғизистон мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита бутун мамлакат бўйлаб 40 дан ортиқ тадбирларни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Бишкекда ҳарбийлар ва ишчилар паради бўлиб ўтади, минтақаларда театрлаштирилган томошалар, концертлар, шоир-импровизаторлар танлови, фотокўргазмалар, дизайнерлар ва ҳунармандлар, эртакчиларнинг фестиваллари режалаштирилган.

Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Улуғбек Марипов тадбирларни юқори ташкилий даражада ўтказиш муҳимлигини, эпидемиологик талабларни ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлади.

«Биз муҳим санани — Қирғизистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигини нишонламоқдамиз. Бу байрам ҳар бир қирғиз фуқароси учун алоҳида ҳурмат ва аҳамият касб этади. Юбилей санани нишонлашга бағишланган режалаштирилган тадбирлар жамоат хавфсизлигини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда, эпидемиологик талабларга риоя қилган ҳолда ўтказилиши керак. Боткен вилоятида турар-жой бинолари, ижтимоий ва ҳарбий объектлар қурилишини якунлашга устувор аҳамият берилиши керак», — деди Марипов.

2020 йил 31 августда, мамлакат мустақиллигининг 29 йиллигида коронавирус пандемияси туфайли оммавий тадбирлар бекор қилинди. Бишкекдаги “Ал-Тоо” майдонида тантанали маросим бўлиб ўтди, унда мамлакатнинг ўша пайтдаги Президенти Сооронбай Жеенбеков қирғиз халқига мурожаат қилди. Эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда, ушбу тадбир онлайн тарзда ўтказилди ва республика телеканалларида намойиш этилди.

Қирғизистон суверенитети тўғрисидаги декларация СССР парчаланиб кетганидан сўнг, 1990 йил 15 декабрда мамлакат Олий Кенгаши томонидан қабул қилинган. Ва 1991 йил 31 августда «афсонавий парламент» давлат мустақиллиги декларациясини қабул қилди.

XS
SM
MD
LG