Бунга оид келишувга Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзоқов ҳамда Туркманистон бош вазири ўринбосари Эсенмират Ўразгелдиев ўртасида куни кеча Ашхободда ўтказилган музокаралар чоғида эришилган.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазири матбуот хизмати маълумотига кўра, музокаралар чоғида икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг улкан салоҳияти алоҳида таъкидланган, устувор йўналишларда муносабатларни чуқурлаштириш учун мавжуд ресурс ва имкониятларни сафарбар қилиш долзарблиги урғуланган.
Қайд этилишича, икки мулозим учрашуви чоғида яқин вақт ичида ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича келишувга эришилган, ҲК доирасида Ўзбекистон-Туркманистон Ишбилармонлар кенгашининг иккинчи йиғилиши ҳам ташкил этилиши айтилган.
“Бўлажак тадбирлар кун тартибини шакллантириш ва янги инвестициявий лойиҳалар ҳамда савдо битимларини ишлаб чиқишга қаратилган икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идораларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари фаоллаштирилади”, дейилган вазирлик хабарномасида.
Музокаралар пайтида чегара ўтиш нуқталарининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, ўзаро савдонинг ўсиши учун тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш ҳамда икки мамлакатнинг транспорт қувватлари ва транзит салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ишлари амалга оширилиши, ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ва таклифлар Ўзбекистон ва Туркманистонни боғловчи транспорт йўлакларини янада ривожлантириш учун тегишли “Йўл харитаси”да бирлаштирилиши юзасидан ҳам келишувга эришилган.
Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов Ашхободга ташрифи доирасида Туркманистон бош вазирининг ўринбосари, мамлакат президентининг ўғли Сардор Бердимуҳамедов, Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ва бош вазир ўринбосари Чори Гилижов билан ҳам учрашувлар ўтказгани ҳақида хабар қилган эди.