Ссылки доступа

ЖССТ вакцинанинг учинчи дозасидан қашшоқ мамлакатлар фойдасига воз кечишга чақирмоқда


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Гебрейесус бадавлат мамлакатларни коронавирусга қарши учинчи эмловдан вақтинча воз кечиб, бу дозаларни аҳолисининг катта қисми ҳануз вакцинасиз қолаётган муҳтож минтақаларга беришга чақирган. Бу ҳақда Reuters хабар қилди.

ЖССТ ўз баёнотида “Катта йигирматалик” аъзолари ва йирик фармацевтика ширкатларига қашшоқ давлатларга аҳолини эмлашда кўмаклашишни тавсия этган.

Оқ уй воизи Жен Псаки ЖССТ чақириғига жавобан Америка ҳукумати эмловнинг учинчи дозасидан воз кечмаслигини, шу билан бирга, ривожланаётган мамлакатларга ёрдам режасини бажаришга тайёрлигини билдирган.

Бугунги кунда қатор мамлакатлар — Исроил, Германия, Франция, АҚШ, Буюк Британия ва бошқалар — COVID-19 нинг янада хавфли штаммлари тарқалиши шароитида иммунитет ҳимоя қобилиятини ошириш мақсадида коронавирусга қарши препаратнинг учинчи дозаси билан эмлаш имкониятини кўриб чиқмоқда, бироқ ҳеч қайси ҳукумат ҳали бу борада бир қарорга келган эмас.

Сешанба куни Оқ уй АҚШ томонидан хорижий мамлакатларга коронавирусга қарши 110 миллион дозадан зиёд вакцина етказиб берилганини маълум қилганди. Август ойи охиридан бошлаб эса муҳтож ўлкаларга яна ярим миллиард доза жўнатилади.

“Қўшма Штатлар ўз вакциналарини бошқа мамлакатлар хайрихоҳлигига эришиш йўлида қўлламаган ва бундан кейин ҳам қўлламайди. Бизнинг мақсадимиз — инсонлар ҳаётини қутқариш”, дейилган расмий хабарномада.

XS
SM
MD
LG