Ссылки доступа

Тожикистон ЕХҲТни ўз тадбирларига «жиноятчилар»ни киритмасликка чақирди


Тожикистон Бош прокурори Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотини «жиноятчилар»ни унинг тадбирларида иштирок этишга йўл қўймасликка чақирди.

Бош прокуратуранинг хабарида бу шахслар ёки бирон бир гуруҳнинг исми кўрсатилмаган. Аммо бундан олдин ҳам расмий Душанбе Тожикистон Ислом Уйғониш партияси ва Тожикистонда тақиқланган «24 -гуруҳ» вакилларининг ЕХҲТ тадбирида иштирок этишидан норозилигини билдирганди.

Тожикистон бош прокурори Юсуф Раҳмон 2 август куни ЕХҲТ низоларни олдини олиш маркази директори, ЕХҲТ котибияти бошлиғининг ўринбосари Тула Юриеле ва ЕХҲТ трансмиллий таҳдидлар департаменти бошлиғи Елена Купчина билан учрашувда бу масалани кўтарган. Тожикистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, Раҳмон Европа Иттифоқи мамлакатларига ташрифи чоғида «халқаро қидирувда бўлган жиноятчилар ва улар Европа Иттифоқига таҳдид солиши» масаласини ҳам кўтарган.

Бош прокурорнинг бу илтимосига ЕХҲТ қандай жавоб бергани ҳозирча номаълум. Аммо Бош прокуратуранинг ўзи хабар беришича, келажакда ЕХҲТ раҳбариятининг Тожикистонга махсус ишчи ташрифи бўлиши керак.

Тожикистон бош прокурори Европага сафари чоғида Германия, Полша ва Австрияда бўлиб, бу мамлакатларнинг прокуратуралари билан учрашди.

ЕХҲТнинг Инсон ўлчовлари бўйича йиллик йиғилиши (ИЎБЙ) — инсон ҳуқуқлари ва демократия бўйича Европанинг энг йирик йиллик конференцияси — инсон ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликларни муҳокама қилиш учун ЕХҲТга аъзо ўнлаб давлатларнинг мухолифати, фуқаролик жамияти ва ҳукумат вакилларини бирлаштиради. Давлатлар расмий органлари вакилларининг Европада сиёсий бошпана олган мухолифатчилар билан халқаро даражадаги учрашувлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади.

Беш йил олдин Тожикистон ҳукумати делегацияси тожик мухолифати иштирокига норозилик билдириш учун Варшавадаги ЕХҲТ конференц залидан чиқиб кетди. Кейинчалик «Ховар» давлат ахборот агентлиги ЕХҲТнинг Тожикистондаги ваколатхонаси ёпилишини ва ҳукумат амалдорлари мухолифат вакиллари билан ҳеч қачон ўтирмаслигини огоҳлантирди.

2015 йилдан буён юзлаб тожик фуқаролари бошпана, иш, яшаш ва таълим излаб Европа мамлакатларига кўчиб кетишган. Улар орасида тақиқланган Ислом Уйғониш партияси ва 24 гуруҳ тарафдорлари, журналистлар ва ишбилармонлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва салафийлар каби турли диний оқимларнинг издошлари бор.

Бу одамларнинг кўпчилиги Европа мамлакатларидан бошпана излашларини ҳукумат таъқиблари ва Тожикистонда мухолифатчиларга босимнинг кучайиши, шунингдек уларга қарши уйдирилган жиноий ишлар билан изоҳлайди. Тожикистон ҳукумати уларнинг бир қисмини расман терроризм, экстремизм ва мамлакатда тақиқланган ташкилотлар билан ҳамкорликда айблаган.

XS
SM
MD
LG