Ссылки доступа

Тожикистонда Россия иштирокида йирик ҳарбий машғулотлар ўтказилмоқда


Тожикистонда россиялик, ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийларнинг қўшма ҳарбий машғулотлари бошланди. Машғулотлар қўшни Афғонистонда “Толибон” радикал исломий ҳаракати кескин фаоллашгани манзарасида ўтказилмоқда.

РФ Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий округи матбуот хизматига кўра, машғулотларга 2,5 мингдан зиёд киши, 500 га яқин ҳарбий техника жалб қилинади. Шу жумладан, унда Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базаси ихтиёридаги 1,8 мингдан зиёд ҳарбий ва 420 га яқин техниканинг ҳам иштироки кўзда тутилган.

Шунингдек, ҳаво ҳужумига қарши мудофаани кучайтириш мақсадида Россия Тожикистонга Қирғизистондан бир нечта Су-25 қирувчи учоғини йўллаган.

Машғулотлар афғон чегарасидан тахминан 20 чақирим олисда — Хатлон вилоятидаги “Ҳарб-Майдон” полигонида бўлиб ўтади. Ҳарбийлар душман ҳужумини танклар ва учувчисиз учувчи қурилмалар ёрдамида қайтаришни машқ қилишади. Мазкур чоралар Афғонистон ҳудудидан жангарилар киришига йўл қўймаслик учун кўрилаётгани айтилмоқда.

АҚШ ва иттифоқчиларининг Афғонистондаги ҳарбий миссияси шу йил 31 август куни ниҳоясига етади. Чет мамлакатлар қўшинларини олиб чиқиб кета бошлангани ортидан толиблар ҳужумга ўтиб, Афғонистон ҳудудларини бирин-кетин қўлга киритмоқда. ОАВ маълумотига кўра, ҳозиргача 100 дан ортиқ туман жангарилар назоратига ўтган.

Афғонистон мудофаа кучлари жанговар салоҳиятини ўрганган АҚШ разведкаси хулосасича, мамлакат ҳукумати олти ойдан сўнг иқтидорни “Толибон”га бутунлай бой бериши мумкин.

XS
SM
MD
LG