Ссылки доступа

Тожикистонда кам таъминланганларга ижтимоий нафақа берила бошланди


Тожикистон расмийларининг маълум қилишича, ҳукумат қийин шароитда яшаётган кам таъминланган оилаларга нафақа бера бошлади.

Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига кўра, 165 минг оилага бир марталик 500 сомонийдан (50 доллардан кам) пул олади. Бу маблағ Жаҳон банкининг шу йилнинг май ойида Тожикистонга ажратган грантининг бир қисми.

«Ховар» миллий ахборот агентлиги хабарига кўра, бир марталик ижтимоий тўловлар жорий йилнинг августидан декабригача бошланади. Шундай қилиб, август ойида 7 ёшгача болали 84 минг кам таъминланган оилаларга 42 миллион сомоний берилади. Жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида 56 минг кам таъминланган, кичик болали оилаларга, шунингдек, 7 ёшдан 16 ёшгача болали оилаларга жами 28 миллион сомоний берилади. Жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида кам таъминланган, 18 ёшгача ногирон болали 25 минг оилага 12,5 миллион сомоний тўланади.

Тожикистон молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода июнь ойида «Озоди» радиосига берган интервьюсида, бу тўловлар натижасида аҳолининг учта ижтимоий гуруҳига ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.

«Ховар»нинг расмий ҳисоботида «кам таъминланган оилаларни бир марталик ижтимоий нафақа олиш учун танлаш мавжуд манзилли ижтимоий ёрдам механизмига асосланиб амалга оширилади», деб қайд этилган. Пандемия даврида Тожикистонда халқаро грантлар орқали ижтимоий ёрдам тўлаш иккинчи марта ташкил этилади.

Аввалроқ, Жаҳон банки 3 ёшгача болали 70 мингга яқин кам таъминланган оилаларга 35 миллион сомонийга яқин бир марталик ёрдам кўрсатган эди. Кейин бу кам таъминланган оилаларнинг барчасига ижтимоий ёрдам лойиҳаси доирасида ҳар бири 500 сомонийдан берилди. Аввалроқ, Тожикистон расмийлари аҳолининг 30 фоизи ҳалигача қашшоқлик чегарасида яшаётганини билдирган эди.

Коронавирус пандемияси Тожикистон ва Россияда юзлаб иш жойлари йўқолганда, бундай уй хўжаликлари сони кўпайган бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG