Ссылки доступа

Конгрессменлар Байденни Гуантанамо қамоқхонасини ёпишга ундамоқда


АҚШ Вакиллар палатасидаги ўнлаб демократлар президент Жо Байденни Кубадаги Гуантанамо ҳарбий қамоқхонасини ёпишга чақиришди.

75 депутат имзо чеккан мактубда қамоқхонанинг давом этаётган фаолияти мамлакат обрўсига доғ тушини ҳамда унинг инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини ҳимоя қилиш қобилиятига путур етказишини маълум қилди.

«Қамоқхонани бутунлай ёпиш учун зарур чоралар кўрсангиз, у ерда сақланаётганлар сонини янада камайтириш, қолган маҳбусларга инсонпарварлик билан муносабатда бўлиш ва Гуантанамодаги ҳарбий комиссия процедуралари шаффофлигини ошириш учун дарҳол ҳаракат қилишингизни сўраймиз», деб ёзишди палата аъзолари.

Конгресс аъзоларининг қўшимча қилишича, қамоқхона фаолияти давомида 800 га яқин маҳбус ўтган, ҳозирда унинг таркибида 39 эркак бор, уларнинг аксарияти қариб, тобора заифлашиб бормоқда.

Мактубда айтилишича, Байден 2009 йилда вице -президент бўлганида Гуантанамо қамоқхонаси ёпилишини қўллаб -қувватлаган ва январь ойида президент бўлганидан кейин ўз мажбуриятини яна бир бор тасдиқлаган.

Гуантанамонинг энг машҳур асирларидан бири АҚШга қарши 11 сентябрь ҳужумларини уюштирган ташкилотчи Холид Шайх Муҳаммаддир.

XS
SM
MD
LG