Ссылки доступа

Ўзбекистонда ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг иккинчи ва учинчи дозаси билан эмлаш вақтинча тўхтатилди


Жорий йилнинг 9 августидан бошлаб Ўзбекистондаги барча эмлаш пунктларида одамларни захирадаги ZF-UZ-VAC2001 ўзбек-хитой вакцинасининг фақат биринчи дозаси билан эмлаш ишлари давом эттирилади.

Маҳаллий нашрларнинг Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ҳудудий бошқармаларга юборилган кўрсатма хатга таянган ҳолда хабар қилишича, алоҳида кўрсатма бўлгунга қадар бир ҳафта давомида аҳолини Хитойдан келтирилган вакцинанинг иккинчи ва учинчи дозаси билан эмлаш ишлари тўхтатилади.

ССВ иммунизация ишлари бўйича раҳбари Дилором Турсунова бунинг сабабини Ўзбекистонда келтирилган вакциналарнинг ҳисоб-китобини тўғрилаб олиш, emlash.uz сайтига тўғри маълумотларни киритиш ҳамда вакцинанинг иккинчи ва учинчи дозасини олишни режалаштирган фуқаролар рўйхатини тартибга солиш билан изоҳлаган.

“Чунки таҳлил қилганимизда кўрдикки, биринчи доза билан эмлаш жуда катта рақамларда, иккинчи доза билан эмлаш эса ундан уч баравар кам. Биз ҳамма рақамларни тўғри билиб олишимиз кераклиги сабаб бир ҳафта муддат бердик”, дея иқтибос келтирган Д. Турсунова сўзларидан.

Ўзбекистонга ўтган ҳафта Хитойдан яна 2 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси келтирилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Шу тариқа мамлакатга келтирилган ўзбек-хитой вакцинаси жами 10,5 миллион дозага етган. Вазирлик бу миқдорнинг қанчаси биринчи доза, қанчаси иккинчи ёки учинчи доза эканига аниқлик киритган эмас.

Ўзбекистондаги эмлаш жараёнида ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидан ташқари Спутник V (370 минг доза), AstraZeneca (710 минг доза) ва Moderna (3 миллион 60 доза) вакциналаридан ҳам фойдаланилмоқда.

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш шу йил 1 апрелидан бошланган. ССВ тарқатган сўнгги маълумотларга кўра, шу пайтгача эмлаш жараёнида 10 миллиондан зиёд доза вакцина ишлатилган.

XS
SM
MD
LG