Ҳозиргача ўз фуқаролари учун Интернетга киришни чеклаш учун хорижий технология компаниялари билан яширин ҳамкорлик қилган Туркманистон ҳукумати чеклаш усулларини кейинги босқичга олиб чиқмоқда.
«Азатлик» радиоси мухбири ўз уйига Интернет алоқасини ўрнатмоқчи бўлган фуқароларга қўйиладиган янги талаблар ҳақида хабар беради.
Ўзини Айнур деб таништирган аёл бир ярим йилдан ошиқ вақт мобайнида Интернетни уйига олиб киришга ҳаракат қилмоқда. Унинг айтишича, чет элда ишлайдиган турмуш ўртоғи билан мулоқот қилиш учун унга Интернет алоқаси керак. Аммо Айнурнинг ҳаракатлари ҳозирча муваффақият билан якунланмаган.
«Ўтган йили мен ўз уйимда Интернетни жойлаштириш учун навбатга ёзилдим. Менинг навбатим бир ярим йилдан кейин келди. Wi-Fi хизматини олишдан олдин мен жуда кўп ҳужжатларга имзо чекдим. Ва энди улар мен VPN хизматларидан фойдаланмаслигим ҳақида Қуръон билан қасам ичишимни талаб қилмоқдалар. Ва Интернетда VPN бўлмаса, ҳеч қандай сайт очилмайди. Мен нима қилишни ҳам билмайман», — деди Айнур Азатлик мухбири билан суҳбатда.
2019 йилда «Азатлик» радиоси томонидан ўтказилган тадқиқот журналистикаси Туркманистон ҳукумати ва Германиянинг “Rohde & Schwarz” компанияси ўртасида фуқароларнинг эркинликларини чеклаш бўйича ҳамкорликни очиб берди. 2015 йилда ўтказилган тергов журналистикаси, шунингдек, Туркманистон ҳукумати ва бошқа хорижий компаниялар ўртасидаги ўхшаш мақсадли алоқаларга ишора қилган.
«Азатлик» радиоси мухбирининг хабар беришича, мамлакат ҳудудларидан бирида Миллий хавфсизлик вазирлигининг “Туркментелеком” компаниясининг маҳаллий бўлинмасига масъул бўлган ходими фуқароларга VPN ишлатмасликка Қуръон билан қасам ичишга мажбур қилади.
Айни пайтда, Туркманистон Интернет эркинлиги рейтингида дунё мамлакатлари орасида энг паст поғоналарда қолмоқда. Интернет билан боғлиқ Comparitech нашри август ойи бошида эълон қилган ҳисоботга кўра, Туркманистон Беларус, Эрон, Хитой, Шимолий Корея ва Сурия билан бир қаторда Интернетда цензура бўйича энг ёмон давлатлардан бири ҳисобланади.
Туркманистонда Facebook, Twitter, YouTube ва бошқа машҳур ижтимоий тармоқлар блокланган.