Ссылки доступа

Қозоғистонда янги ўқув йили офлайн режимда бошланади


Бугун Қозоғистон ҳукумати Бош вазир Асқар Мамин раислигида ўтказилган йиғилишда дарслар анъанавий форматга ўтказилишига қарор қилинди.

Мактаблар, коллежлар ва университетлар мунтазам равишда тозалаш, дезинфекция қилиш, ниқоб режимига риоя қилиш ва ҳар куни кирганларнинг ҳароратини ўлчашлари керак бўлади. Таълим муассасаларига барча катталар Ashyq иловаси орқали қабул қилинади.

Ҳукумат йиғилишида эмланган ўқитувчиларнинг ишлашига рухсат берилиши маълум қилинди. Расмий маълумотларга кўра, шу кунга қадар эмланадиган ўқитувчиларнинг 93,1 фоизи ва таълим муассасаларининг бошқа ходимларининг 88,4 фоизи эмланган.

Мамин таълим мутасаддиларига 25 августга қадар «ўқитувчилар ва техник ходимларни 100 фоиз эмлашни таъминлаш»ни ва «мактабларни санитария талабларига мувофиқ қабул қилишни 20 августгача якунлашни» топширди.

Қозоғистонда 3,4 миллион мактаб ёшидаги болалар бор, бу йил 380 мингдан ортиқ ўқувчи биринчи синфга боради. Қозоғистонда 7475 мактаб мавжуд.

3 август куни Қозоғистон таълим вазири Асхат Аймагамбетов ўқувчилар классик кийимдаги дарсларга қатнашишлари мумкинлигини маълум қилди.

«Барча ижобий ва салбий томонларини ўлчаб, биз ҳар хил шароитларда уни сотиб ололмайдиганлар учун мактаб формасини кийишни ихтиёрий қилишга қарор қилдик. Кейинги ўқув йили мобайнида болалар вақтинча мактабга нафақат мактаб формасида, балки классик услубдаги кийимда ҳам бориши мумкин», деб ёзади вазир.

Қозоғистонда июлдан бери коронавируснинг яна бир тарқалиши кузатилди. Ўртача, кунига, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Алексей Цой айтганидек, мамлакатда 6,6 минг янги ҳолат ва камида юз ўлим қайд этилади. Бугунги кунда Қозоғистоннинг барча ҳудудлари «қизил» хавфли зонада.

XS
SM
MD
LG