Ссылки доступа

Хориждаги ватандошларни дастаклаш мақсадида “Ватандошлар” жамоат фонди ташкил этилди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11 август куни “Ватандошлар” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Фондни ташкил этишдан мақсад хорижий ўлкаларда истиқомат қилаётган “ватандошларни тарихий Ватани атрофида янада жипслаштириш, уларнинг қалби ва онгида юрт билан фахрланиш туйғусини юксалтириш, миллий ўзликни сақлаб қолиш, ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмаларини қўллаб-қувватлаш” ҳамда турли соҳаларда фаолият юритаётган ватандошларнинг салоҳиятини Ўзбекистон тараққиётига самарали йўналтириш экани айтилмоқда.

Қарор билан фонд фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:

хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш;

халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари, ватандошлар истиқомат қилаётган мамлакатларнинг қонунлари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида хорижда истиқомат қилаётган ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш;

хорижда мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларни белгиланган тартибда моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга ахборот жиҳатидан ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;

хорижда ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган фаолиятни қўллаб-қувватлаш;

хорижда Ўзбекистоннинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш, ватандошларга маданий-маърифий тадбирларни ташкил этишда кўмаклашиш;

ватандошлар томонидан ташкил этилган жамоат бирлашмалари фаолиятини рағбатлантириш, уларга хорижда ўзбек миллий маданий марказларини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатиш;

хорижий давлатларнинг таълим ўзбек тилида олиб борилаётган муассасаларида педагог кадрларга бўлган мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб, хорижда истиқомат қилаётган иқтидорли ватандошларнинг республика олий таълим муассасаларида таълим олишларига кўмак кўрсатиш;

ривожланган хорижий давлатларда яшаб келаётган олим ва ижодкор ватандошларнинг Ўзбекистон нуфузини оширишга қаратилган илмий, ижодий изланишларини қўллаб-қувватлаш;

хорижда ватандошлар томонидан ташкил этиладиган нуфузли тадбирларда Ўзбекистоннинг таниқли ёзувчи ва шоирлари, фан арбоблари, диний уламолари, маданият ва санъат вакиллари, спортчилари иштирокини таъминлашда кўмаклашиш;

хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни Ўзбекистон ҳудудида тадбиркорлик, инвестициявий, илмий, маърифий ва маданий фаолият билан шуғулланишга фаол жалб қилиш;

хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид маълумотлар билан таъминлашга қаратилган интерфаол электрон портални юритиш;

хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар дуч келаётган муаммоларни тизимли асосда таҳлил қилиб бориш ва уларнинг ечими юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш;

миграция ва таълим соҳаларида шартномавий-ҳуқуқий ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва тегишли давлат органларига киритиб бориш.

“Ватандошлар” жамоат фондининг олий органи этиб васийлик кенгаши белгиланган.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, фонд васийлик кенгашига Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев раис қилиб, таниқли ҳакам Равшан Эрматов эса васийлик кенгаши раиси ўринбосари этиб тайинланган.

Фондни ташкил этиш учун зарур бўлган дастлабки маблағ сифатида Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан 5 миллиард сўм миқдорда маблағ ажратилган.

Маҳаллий ОАВ қайдича, фонд дунёдаги 100 чоғли мамлакатда истиқомат қилаётган 10 миллиондан зиёд ватандош ҳамда улар томонидан ташкил этилган 170 дан ортиқ маданий марказни дастаклаш билан шуғулланади.

XS
SM
MD
LG