Ссылки доступа

Ўзбекистон, Туркманистон ва Россия расмийлари толиблар билан музокаралар ўтказишди


Ўзбекистон, Туркманистон ва Россия дипломатлари делегациялари Қатарда “Толибон”нинг сиёсий масалалар бўйича комиссияси раҳбари билан музокара ўтказишди.

Музокаралар толибларнинг бутун Афғонистон бўйлаб ҳужумга ўтиши муносабати билан минтақада хавотирлар ортгани манзарасида кечган.

“Толибон” ҳаракати расмий вакили Забиуллоҳ Мужоҳид 12 август куни Озодликнинг туркман хизматига ҳаракат етакчиларидан бири мулла Абдул Ғани Бародар чоршанба (11 август) куни Қатарда Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Ҳожиев ҳамда Ўзбекистон президентининг Афғонистондаги махсус вакили Исматулла Эргашев билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш мақсадида учрашганини маълум қилган.

“Музокаралар чоғида минтақавий масалалар, жумладан, Афғонистон ва Марказий Осиё постсовет республикалари ўртасидаги савдо алоқалари муҳокама қилинди”, деган З. Мужоҳид.

Толибларнинг Қатар пойтахти Дохадаги музокарачилари вакили 11 август куни Twitter микроблогидаги ўз саҳифасида Бародар билан Ҳожиев “икки томонлама алоқалар, чегара масалалари, иқтисодий лойиҳалар, шунингдек Туркманистоннинг Афғонистондаги дипломатик миссиялари хавфсизлиги”ни муҳокама қилишганини ёзган.

“Twitter”даги бошқа бир хабарда толиблар вакили Суҳайл Шоҳин Абдул Ғани Бародар Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Қобулов билан музокара олиб борганини қайд этган.

Ўтган ойда “Толибон” вакили Озодликнинг туркман хизматига ҳаракат делегацияси Ашхободга боргани, у ерда туркман расмийлари билан “икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва сиёсий алоқалар, шунингдек хавфсизлик ва чегара масалалари”ни муҳокама қилганини билдирган эди.

Туркман-афғон чегарасининг умумий узунлиги 800 километрни ташкил қилади.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиш сентябрь бошида якунланишини айтган. Бу сана яқинлашгани сайин толибларнинг афғон ҳукумати кучлари ҳужуми шиддатли ва кўламли тус олмоқда.

“Толибон”нинг жанг майдонидаги ютуқлари Ғарб қўлловидаги Кобул ҳукуматининг эҳтимолий инқирози борасида хавотирлар уйғотмоқда.

XS
SM
MD
LG