Абилхан Кастеев номидаги Чимкент рассомлик коллежи ётоқхонаси ходимининг «Озодлик»га айтишича, ётоқхонада жойлар тайёрланмоқда.
«Афғонистондан келган муҳожирлар учун 305 ўринни тайёрлаш буйруғига мувофиқ, кечадан буён 100 ўрин тайёрланди», — дейди исмини айтмасликни сўраган ходим.
Чимкент шаҳар ҳокимлиги қочқинларни жойлаштириш имконияти тўғрисида маълумот бера олмасликларини айтиб, Нур-Султонга илтимос билан мурожаат қилишни таклиф қилди.
15 август, якшанба куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги «АҚШ ҳукуматида ишлаган афғонларни вақтинча қабул қилиш тўғрисида Қозоғистон билан келишилган»и ҳақидаги хабарни рад этди. Душанба куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили қочқинларни қабул қилиш эҳтимоли ҳақидаги маълумотни на тасдиқлади ва на инкор этди.
- Афғон қочқинлари Чимкентга келадими ёки йўқми, ҳозирча айта олмайман. Афғонистондаги вазият ҳар соатда ўзгариб турибди», — деди Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Айбек Смадияров.
Толибон ҳаракати жангарилари (ташкилот Қозоғистонда ва бошқа кўплаб мамлакатларда тақиқланган) 15 августга ўтар кечаси Афғонистон пойтахти Кобулга кириб келишди. Шу куни Афғонистон президенти Ашраф Ғани мамлакатни тарк этгани маълум бўлди. Хабарларга кўра, Толибон пойтахтнинг катта қисмини назоратга олган ва президент саройини эгаллаган.
Толибон жангариларининг Кобулга тез юриши муносабати билан Ғарб давлатлари ўз элчихоналарини эвакуация қилишни ва улар учун ишлаган афғонларни олиб чиқишни кучайтирдилар. Элчихонани эвакуация қилиш хавфсизлигини таъминлаш учун АҚШ Президенти Жо Байден Афғонистонга 5 минг аскар юборишга рухсат берди. Якшанба куни Пентагон АҚШ фуқаролари ва АҚШ билан ҳамкорлик қилган афғонларни эвакуация қилишда ёрдам бериш учун Афғонистондаги Америка контингентини 6000 аскаргача кўпайтириши ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Толибон режими АҚШ 2001 йилда Афғонистонга бостириб кирганидан кейин ағдарилди. Сўнгги ойларда Толибон Афғонистонда АҚШ ва НАТОнинг бошқа қўшинлари мамлакатдан чиқиб кетиши билан янги вилоятларни ўз назоратига олишни давом эттирди. Толибоннинг кенг кўламли ҳужуми АҚШ қўшинларини олиб чиқишнинг охирги босқичи бошланганидан кейин бошланди.