Ссылки доступа

Қирғизистон Афғонистондан 1200 қочқинни қабул қилиши мумкин


Айни пайтда Афғонистондаги вазият туфайли ҳеч ким Қирғизистондан бошпана сўрамаган. Бу ҳақда таҳририятимизга Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирлигининг Қочқинлар бўлими бошлиғи Жапара Мамбетова маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, агар Тожикистон билан чегара очилса, Афғонистондан қочқинлар ҳам Қирғизистонга кириши мумкин. Унинг таъкидлашича, мамлакат 1200 га яқин қочқинларни қабул қила олади.

«Афғонистондаги вазият кескинлашганидан бери биздан қочқин мақомини бериш сўралмаган. Лекин биз қочқинларнинг мамлакатимизга кириб келиши мумкинлигини тахмин қиляпмиз. Афғонистон фуқаролари охирги марта бошпана сўраб икки ой олдин мурожаат қилган. Ҳозирда 73 афғон қочқин мақомини олган, яна 67 кишининг аризалари кўриб чиқилмоқда», — деди Жапара Мамбетова.

Унинг сўзларига кўра, бошпана сўровлари олти ой ичида кўриб чиқилади.

1996 йилдан бери Қирғизистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар мақоми тўғрисидаги конвенциясининг аъзоси ҳисобланади.

Аввалроқ, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бошлиғи Камчибек Ташиев Қирғизистон аллақачон маҳаллий олий ўқув юртларида таҳсил олаётган афғонистонлик фуқароларга виза беришни давом эттиришга тайёрлигини, шунингдек, 500 тагача янги талабаларни қабул қилишга тайёрлигини айтганди.

15 августга ўтар кечаси Толибон жангарилари Афғонистон пойтахти, Кобулни ҳар томондан ўраб олишди. Маҳаллий вақт билан 13:00 да толиблар мамлакатнинг бутун ҳудудини тўлиқ назорат қилишганини эълон қилишди ва Кобулдаги жанглар тугади.

XS
SM
MD
LG