Ссылки доступа

Афғонистоннинг 22 та самолёти ва 24 вертолёти Ўзбекистон чегарасини бузди. Ўзбек ва афғон самолёти тўқнашди


Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ҳамда 24 та ҳарбий вертолёти 14-15 август кунлари Ўзбекистон чегарасидан ноқонуний ўтган. Мазкур ҳарбий техника Ўзбекистон ҳарбийлари томонидан мажбурий равишда Термиз халқаро аэропортига қўндирилган.

Бош прокуратура бу ҳақда 16 август куни соат 21:25да расмий баёнот берди. Бош прокуратуранинг таъкидлашича, бу самолёт ва вертолётлар ичида жами 585 нафар қуролланган ҳарбий хизматчи бўлган.

Билдирилишича, 15 август куни Қарши шаҳридаги “Хонобод” аэропортига қўниш учун рухсат сўраган Афғонистоннинг 3 та “ЭМБРАЙЕР-314” русумли ҳарбий самолёти Термиз аэропортига қўниш тўғрисида огоҳлантирилиб, улар Ўзбекистон Республикасининг 2 та “МИГ-29” русумли ҳарбий самолётлари кузатувига олинган.

Лекин кузатув давомида “ЭМБРАЙЕР-314” ва “МИГ-29” русумли самолётлар тўқнашиб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудига қулаган. Ушбу самолётлар учувчилари парашют орқали ерга тушишган.

Шу куни 158 нафар афғон фуқаролари ва қуролланган ҳарбий хизматчилари дарё орқали Термиз тумани ҳудудига Ўзбекистон Республикаси чегарасидан қонунга хилоф равишда ўтишган.

“Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан Жиноят кодексининг 223-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилди",-дейилади расмий хабарда.

XS
SM
MD
LG