Ссылки доступа

Душанбе яқинида тожик-хитой аксилтеррор машқлари ўтказилмоқда


Тожикистон расмийлари хитойлик шериклар билан «тоғларда терроризмга қарши курашиш» бўйича қўшма машқларни бошлаганини айтмоқда. Тожикистон ва Хитой қўшма машғулоти 17 августда Душанбе яқинидаги Ромит дарасида бошланган ва 20 августгача давом этади.

Машғулотларда Тожикистон томонидан Ички ишлар вазирлигининг махсус кучлари, Хитой тарафидан жамоат хавфсизлиги вазирлиги ходимлари иштирок этмоқда.

Қўшма машғулотлар Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода Лиу Юнфенг бошчилигидаги Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлиги вакиллари билан учрашувидан сўнг бошланди.

16 август куни бўлиб ўтган ушбу учрашувда улар «уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, ахборот алмашиш, тажриба ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш масалалари»ни муҳокама қилишди.

Ҳозирда Душанбе Пекин билан ҳам икки томонлама муносабатлар доирасида, ҳам Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Хитой-Тожикистон-Покистон-Афғонистон аксилтеррор коалицияси доирасида ҳамкорлик қилмоқда.

2019 йил ноябрь ойида Хитойнинг молиявий кўмагида Душанбеда терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши кураш маркази ташкил этилди. 2016 ва 2019 йилларда Тожикистон ва Хитой ҳарбийлари Тоғли Бадахшон автоном вилояти ҳудудида қўшма машғулотлар ўтказган.

Аввалроқ, Хитой Ромит дарасида полигон қурилишини молиялаштирган, у ерда ҳозир Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ва Хитой Халқ Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшма машғулотлари ўтказилмоқда. Хитойнинг Тожикистонда молиявий кўмаги билан тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлаш мақсадида 4 та чегара пости ва Чегара қўшинлари учун ўқув маркази қайта қурилди.

Тожикистон ва Хитой бир-бири билан бевосита чегарадош ва Хитой айни пайтда Тожикистон иқтисодиётининг асосий сармоядорларидан биридир. Тожикистон ташқи қарзининг қарийб ярми дунёдаги энг кўп аҳоли яшайдиган бу мамлакатдан келади ва кўпчилик бу қарамликдан қўрқсада, Тожикистон расмийлари хавотирга ўрин йўқлигини доимий равишда айтиб келади.

XS
SM
MD
LG