Ссылки доступа

Душанбе ва Москва Афғонистондаги вазиятнинг минтақавий хавфсизликка таъсиридан хавотирда


Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва унинг россиялик ҳамкасби Владимир Путин 18 август, чоршанба куни бўлиб ўтган телефон суҳбати чоғида Афғонистондаги вазиятдан хавотир билдирди.

Тожикистон президенти матбуот хизматининг хабар беришича, икки давлат раҳбарлари Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашган.

Имомали Раҳмон ва Владимир Путин Афғонистонда кескинликнинг кучайиши минтақавий хавфсизликка салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидладилар.

Шу муносабат билан томонлар тожик-афғон чегарасини ҳимоя қилишни кучайтириш, шунингдек, афғон можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш жараёнига кўмаклашиш бўйича ҳаракатларни янада мувофиқлаштириш зарурлигини таъкидладилар.

Душанбе ва Москва Россия ва Тожикистон манфаатдор идоралари ўртасида мунтазам алоқаларни давом эттиришга келишиб олди. Иккала давлат ҳам Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти каби ташкилотларга аъзо.

Икки давлат раҳбарларининг телефон суҳбати Афғонистонда толиблар томонидан ҳокимиятни қўлга олиш фонида бўлиб ўтди, улар ўтган якшанба куни мамлакат хавфсизлик кучларининг ҳеч қандай қаршилигисиз Кобулга кириб, президент саройини эгаллаб олишди. Толибон келишидан бир неча соат олдин президент Ашраф Ғани истеъфога чиқди ва Афғонистонни тарк этди.

Толибон тожик-афғон чегарасида ўз иштирокини кучайтирди, чегара ҳудудларини эгаллаб олиш, мингдан ортиқ афғон аскарининг Тожикистонга чекиниши билан кечди.

Тожикистон расмийларига кўра, ҳозирда толиблар Тожикистон билан 900 километрдан ортиқ чегарани назорат қилмоқда ва, эҳтимол, кўплаб қочқинлар мамлакатга келиши мумкин.

XS
SM
MD
LG